Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини янада ривожлантириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш – давлати сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ўз дастурий мақсадларида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг спорт ва маънавий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 24 июнь куни партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Яккасарой туман кенгаши томонидан тумандаги 1-сон болалар спорт мактабида тадбир ташкил этилди. Тадбирда ушбу мактабда футбол билан шуғулланаётган ёшлар Саудия Арабистонида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё Кубоги ғолиблари – Ўзбекистон У-17 терма жамоаси аъзолари Садриддин Ҳасанов ва Неъматуллоҳ Рустамжонов ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг медиа ва маркетинг бўлими раҳбари, таниқли спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев билан учрашдилар.
Тадбирга таклиф этилган меҳмонлар ёшларга меҳнатсеварлик, тартиб-интизом ва Ватанга садоқат каби инсоний қадриятларнинг ҳаётда қандай ўрин тутиши ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдиришди.
Учрашув якунида чемпионлар болажонларга ўзларининг шахсий имзолари туширилган эсдалик совғаларни топширишди. Бу каби учрашувлар ёш авлод орасида спортни тарғиб қилиш, уларни Ватанга муҳаббат ва фидойилик руҳида тарбиялаш борасида муҳим аҳамиятга эга. Бунинг исботини чемпионлар қўлидан совға олган ёшларимиз нигоҳида келажакда улар худди шу қаҳрамон спортчилар каби машҳур спортчи бўлиш орзуси аланга олганида кўриш мумкин эди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси бундан кейин ҳам ушбу анъанани давом эттириб, ёшларимизнинг билим ва иқтидорини ривожлантиришга, уларнинг спорт ҳамда маданият соҳасидаги ютуқларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратади.