Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Ирина Токарева пойтахтнинг Яккасарой туманидаги “Боғисарой” маҳалласига бориб, у ердаги ҳолат билан танишди.
Депутатимиз ҳудудни ободонлаштириш ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар қандай олиб борилаётгани билан қизиқди. Маҳаллада яқинда барпо этилган спорт майдончаси И.Токареванинг эътиборини тортди. У спорт иншооти билан танишиб, бундай спорт объектлари аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шу билан бирга маҳалладаги аҳоли турмуш шароити билан яқиндан танишиб, уларнинг мурожаатларини тинглади. Фуқаролар томонидан ҳудудни янада ободонлаштириш ва дам олиш учун қулай муҳит яратиш, ёшларни янада қўллаб-қувватлаш борасида билдирилган таклифларни тизимли ўрганиш ва ижобий ҳал этиш учун масъуллар билан маслаҳатлашишга келишиб олинди.