
Ёшлар мамлакат тараққиётининг энг катта ва муҳим ресурси ҳисобланади. Йигит-қизлар илм олиши, ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, қўйингки, ўзини ҳар томонлама ривожлантириши учун шароит ва имконият яратиш стратегик вазифадир.
Ёшлар кунида ўтказилган учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бу борада янги ташаббуслар, қатъий вазифалар қўйилгани бежиз эмас. Миллионлаб ёшларимизни руҳлантириш, қўллаб-қувватлаш, илм-маърифатга, касб-ҳунар ва фаол меҳнатга рағбатлантириш давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари зиммасига бирдек жиддий масъулият юклайди.
Иқтисодиётимизнинг янада тез суръатлар билан ўсиб, имкониятларимиз кенгайишида ёшларнинг ҳиссаси, аҳамияти ортиб бориши муҳим. Бунинг учун, аввало, барча ҳудудларда ва соҳаларда ёшлар билан тизимли мулоқот қилиш, уларни тушуниш, тинглаш, таклиф-ташаббусларига йўл очиб бериш керак. Учрашувда мазкур йўналишда иккита масалага эътибор қаратилди.
Биринчидан, вилоят, туман ҳокимлари ҳар бир болага ўз фарзандидек қараб, соғлиги, ўқиши, юриш-туриши, қизиқиш ва орзулари, муаммоларидан доим хабардор бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ёшларга таъсир ўтказиши мумкин бўлган ахборотлар, турли воқеа-ҳодисалар кўпайган замонда улар билан яқин мулоқот қилишнинг аҳамияти катта. Буни оиламиз, фарзанд ва набираларимиз мисолида ҳар биримиз яхши англаймиз, албатта.
Ёшлар билан доимий мулоқот платформаси йўлга қўйилиши, мактаб, олийгоҳ, ўқув ва касб марказлари, тадбиркорларни бошини қовуштириб, ёшларга кўмаклашадиган тизим қилиниши натижалар яхшиланишига, ҳудудларда ижтимоий муҳит изчиллашишига, асосийси, йигит-қизларда қатъият ва фаоллик кучайишига замин бўлади.
Бунинг яна бир муҳим жиҳати, жамиятимизда қандай оилада, қандай ижтимоий вазиятда бўлишига қарамай, барча ёшларни тинглаш, уларга тенг имкониятлар яратиш, бир хил кўз билан қараш кўникмаси ривожланади. Халқ демократик партияси учун ёшларнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари тенглиги эришиш принципиал масала ҳисобланади.
Иккинчидан, ёшларнинг ўзаро бир-бирини тушуниши, доимий мулоқотда бўлиши, янги имкониятлар сари биргаликда интилиши долзарб масала. 9 мингдан зиёд маҳаллада ёшлар етакчилари тайинлангани бу борада зарур ижтимоий институт вазифасини бажармоқда.
Аммо, тан олиш керак, бу институтни янада ривожлантириш, қамровини кенгайтириш, айниқса, ҳаётга, ёшларнинг кундалик турмушига яқинлигини ошириш зарурати ҳам бор. Уларнинг мактаб, техникум, тил ва касб марказлари билан ҳам ишлаши реал яқинлик ва ўзаро боғлиқликни оширади.
Дунёнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий муҳити барча соҳада мезонлар ўзгараётгани, талаблар ва рақобат ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Ёшларимиз ана шу мезонларга мос илм олиши, ҳунар ўрганиши, самарали меҳнат қилиб, натижаларга эришишига кўмаклашиш давлатнинг, ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.