
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тарихий, маданий ва стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Икки давлат халқларини ўхшаш миллий урф-одат, анъаналар, маданият ва дин, икки томонлама алоқаларнинг бой тарихи ҳамда минтақавий ҳамкорликдаги умумий манфаатлар бирлаштиради. Хусусан, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга 2024 йилда ўтказилган Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисида Иттифоқчилик даражаси берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Озарбайжон турли халқаро ташкилотлар, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти, БМТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида яқин ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Олий даражадаги олиб борилаётган мунтазам музокаралар икки томонлама муносабатларнинг юқори даражада эканини намоён қилмодқа. Иқтисодиётнинг турли соҳалари, жумладан энергетика, логистика, саноат ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.
Масалан, охирги беш йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан ошиб, 2024 йил охирига келиб 253 миллион долларга етди. 2025 йилнинг ярим йиллиги ҳолатига кўра, 80 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Иқтисодий кооперация йилида товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ошди. Лойиҳалар портфели 4 миллиард долларга етган. 300 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Озарбайжон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши давомида товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари атрофлича муҳокама этилди. Натижада, 2030 йилга қадар товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш дастури қабул қилинди.
Маданий-гуманитар алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. Таълим ва фан соҳасида тажриба алмашиш, туризмни ривожлантириш каби соҳаларда ҳамкорлик самарали олиб борилмоқда. Бу борада ташриф давомида Фан, касб-ҳунар ва олий таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимнинг имзоланиши ушбу йўналишдаги ишларнинг жонланиши, хусусан, дуал таълим, таълимни рақамлаштириш, фан ва бизнесни ўзаро яқинлаштириш, ўзаро боғлаш масалаларида манфаатли ҳамкорликка замин яратмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар нафақат икки томонлама ривожланиш, балки Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларининг барқарорлиги ва фаровонлиги учун муҳим омилдир. Муносабатларнинг изчил мустаҳкамланишида бу галги давлат ташрифи янги тарихни очиб берди.
Улуғбек ШЕРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 9.7.2025, №27