Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Сайловолди дастури ижроси бўйича жорий йил биринчи ярмида олиб борилган ишлар, партия бюджети ижроси ва асосий кўрсаткичлари ҳамда айрим ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Пленумни партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очиб бериб, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, эҳтиёжманд фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларга ечим топиш, янги таклиф-ташаббуслар билан чиқиш, партиянинг позициясини доимий мустаҳкамлаб бориш масалалари ҳақида сўз юритди.
2025 йилга мўлжалланган иш режада белгиланган устувор вазифалардан ҳозирги кунга қадар 37 таси тўлиқ амалга оширилган. Шундан 27 таси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партия фракциясининг қонунчилик ташаббуси даражасида, 10 таси давлат органларига таклифларни тақдим этиш орқали бажарилган.
Қонунчилик ташаббуси доирасида 4 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кўриб чиқишга тақдим этилди. Шу билан бирга, 5 та қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига киритилган бўлиб, биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Ўтган даврда фракция аъзолари сайлов округларидаги фаолияти давомида 590 марта учрашув ўтказиб, жами 428 та хонадонга бевосита кириб борди. 20 минг нафарга яқин аҳоли вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот ташкил этилди.
Партия ташкилотлари ҳамда фракция ҳамкорлигида 20 дан ортиқ қонун лойиҳаси жойларда маҳаллий депутатлар билан бирга муҳокама қилинди. Партия фаоллари ва кенг жамоатчилик томонидан билдирилган 100 дан ортиқ таклифлардан қонун лойиҳаларини такомиллаштириш жараёнида фойдаланилди.
Депутатлик бирлашмаларининг Ҳаракат дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини такомиллаштириш, коммунал хизматлар сифати ва нархларини тартибга солиш каби 121 та устувор вазифа белгиланган бўлиб, уларни амалга ошириш юзасидан кенг фаолият юритилмоқда.
Партия Сайловолди дастурини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш мақсадида 2800 га яқин депутатлик сўрови юборилиб, шундан ҳозиргача 1837 таси, яъни 67 фоизи ижобий ҳал этилди. Долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 541 марта жойлардаги раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳисобот ва ахборотлари эшитилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг электорат манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ қарорлар қабул қилинишига эришилди.
Партиянинг Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига фуқаролардан 9064 та мурожаат келиб тушди. Шулардан ҳозиргача 8159 таси, яъни 90 фоизи партия ташкилотлари, депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида ижобий ечим топди.
Пленумда эришилган натижалар хотиржамликка асос бўла олмаслиги, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида жиддий вазифалар тургани, айниқса, иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалаларда қатъий позиция кўрсатиш, шу орқали амалий натижаларга интилишни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Хусусан, партия ташкилотлари ўтказаётган акция ва тадбирлар натижадорлигини кучайтириш, парламент қуйи палатасида қонун ижодкорлиги билан чекланиб қолмасдан, электорат манфаатларига бевосита дахлдор бўлган масалаларни вазирлик-идоралар билан қатъий муҳокама қилиш, аҳолини ўйлантираётган муаммолар юзасидан мунтазам позиция билдириб бориш, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг ҳудудлар ривожига таъсирини кенгайтириш зарурлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокамалардан сўнг, партия олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, мамлакатимиз Қонунлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижроси сўзсиз бажарилишига эришишда парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этишнинг дастурий-мақсадли усулларига ўтиш; “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлаш ва амалга ошириладиган вазифалар юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш; пленум ҳужжатларида қайд этилган камчиликлар ва фойдаланилмаган имкониятлар ҳар бир ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари томонидан чуқур таҳлил қилиш каби бир қатор вазифалар қўйилди.
Пленумда кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси вазифалар билан боғлиқ масалаларда пленум қарорлари қабул қилинди.