
Бугун парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, «Расмий статистика соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этиш керакки, Қонунчилик палатасининг ўтган мажлисида фракциямиз қонун лойиҳасига айрим асосли эътирозларини билдирган, шундан кейин лойиҳа қайта ишлаш учун масъул қўмитага қайтарилган эди.
Фракциямиз қонун лойиҳаси бўйича, жумладан, расмий статистика соҳасида ваколатли органнинг белгиланмаганлиги, расмий статистикани тайёрловчи сифатида киритиш Миллий статистика қўмитаси томонидан белгиланган мезонлар асосида амалга оширилиши ҳақидаги меъёр ҳуқуқий жиҳатдан асосланмаганлигини таъкидлаган эди.
Бугунги мажлисда ишчи гуруҳи томонидан Халқ демократик партияси фракцияси таклифлари ҳисобга олингани, қонун лойиҳасига асос бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта инвентаризациядан ўтказилгани, расмий статистикани тайёрловчи сифатида киритишни назарда тутувчи қўшимча ваколатлар, мезонлар аниқлаштирилгани билдирилди.
Ташаббускорлар фракциямиз аъзоларига қонун ижодкорлигидаги фаол иштирок учун миннатдорчилик билдирди.
Фракциямиз аъзолари атрофлича муҳокамалардан кейин бу сафар қонун лойиҳасини маъқуллади.