Электорат манфаатлари йўлида қатъий позиция

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддасининг иккинчи қисми ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибини суд буйруғига асосан коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови юзасидан қарздорликни ҳамда кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари ёки тўловлар бўйича қарздорликни ундиришга ҳам татбиқ этишни назарда тутувчи қўшимча киритиш таклиф этилмоқда.

Фракциянинг бир қатор аъзолари қонун лойиҳасида ундирув қарздор жисмоний шахснинг банклардаги ҳисобварақларида турган пул маблағларига, иш ҳақи, стипендияси, пенсияси ва бошқа турдаги даромадларига қаратиш орқали амалга ошириш назарда тутилаётгани, бу даромади асосан иш ҳақи ёки пенсиядан бўлган Халқ демократик партияси электорати манфаатларига, шунингдек, партиянинг сиёсий позициясига тўғри келмаслигини билдиришди.

Депутат Зулайҳо Акромованинг фикрига кўра, бундай амалиёт қарздорларнинг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқлари чекланишига олиб келиши мумкин.

Фракциянинг яна бир аъзоси Қизилгул Қосимова эса қонун лойиҳаси ижро ишларини рақамлаштириш ва тезлаштириш мақсадида тузилган бўлса-да, аҳолининг ҳуқуқий ҳимоя даражаси пасайиши мумкинлигидан хавотирини билдирди.

Депутат Анвархон Темиров фракциядошлари томонидан кўтарилаётган масалалар қонун лойиҳаси концепциясига тўғри келмаслигини, аксинча, унда аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳани рақамлаштириш орқали ижро ҳужжатларининг ижросини тезкор ва самарали таъминлашга эришилишини билдирди. Қонун лойиҳасига фракциядан масъул депутат Жамол Ачилов ҳам билдирилган фикрларни қўллаб-қувватлаб, айрим саволларга аниқлик киритди.

Муҳокамалар якунида овозга қўйилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан билдирилган муносабат ва таклифларни инобатга олиш шарти билан концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш