
Бугунги кун талаб қилаётган долзарб вазифалардан бири – маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларидан самарали фойдаланиш, халқ орасидаги ишончни янада мустаҳкамлашдир. Шундан келиб чиқиб, асосий 4 та масалага эътибор қаратиш муҳим, деб ўйлайман.
Аввало, маҳаллий Кенгаш депутатларида танқидий ёндашув ва ташаббускорликни шакллантириш зарур. Сабаби баъзи ҳолатларда кўрамиз, сайловчиларининг муаммоларини ҳал этишда қатъий позиция билдира олмаётган депутатлар ҳам бор. Партиямиз фракцияси парламентда мухолифат сифатида ўз позициясини белгилаб олдими, демак, бу жараёнда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз ҳам шунга мос равишда ҳаракат қилиши керак, назаримда.
Бу эса ҳар бир қарорни халқ манфаатлари асосида баҳолаш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш, аҳоли муаммоларини Кенгашлар муҳокамасига олиб чиқиш демакдир. Масалан, Қорақалпоғистондаги партиямиз депутатлари томонидан танқидий таҳлил асосида 70 дан зиёд масала сессия кун тартибига олиб чиқилган, бу борадаги ишларни янада кенгайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўраяпмиз.
Навбатдаги муҳим масала жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш билан боғлиқдир. Биламизки, халқ билан ишлашнинг асосий мезони — жамоатчилик назорати ва очиқ мулоқот ҳисобланади. Шундай экан, биз депутатлар жойлардаги ижтимоий объектлар фаолияти, адолатли таълим ва соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлиги, ижтимоий нафақалар масалаларида жонкуярлик билан фаол иштирок этишимиз талаб қилинади. Хусусан, мунтазам сайёр қабуллар ўтказилиши, давлат органларига депутатлик сўровлари юбориш орқали масалаларга ечим топиш ҳамда жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш кўлами кенгайтирилиши мазкур мезон талабларига мос келади.
Қолаверса, депутат салоҳияти ва сиёсий етукликни оширишга қаратилган чораларни кўриш ҳам кечиктириб бўлмас заруратдир. Чунки белгиланган вазифалар кўлами кенг ва бунинг натижадорлиги депутат салоҳияти, сиёсий иродасига боғлиқ. Баъзида шундай вазиятлар бўлаяптики, депутат сўрови юборишда илтимоснома ёки амалий ёрдам кўринишидаги сўровлар ҳам кузатилмоқда. Ахир депутат сўровининг ҳам ўз техникаси, тартиб-тамойили бор. Ваҳоланки, депутатнинг салоҳияти, ҳуқуқий билимлари ва мурожаатлар билан ишлаш маданияти – партиянинг жамиятдаги обрўсини белгилайди. Шу мақсадда, депутатлар учун мунтазам таҳлил семинарлари, ҳуқуқий ўқувлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўларди. Муҳими, электорат орасида “депутат ким, у нима иш қилди?” деган саволларга ўрин қолдирмаслик учун ҳаракат қилиш зарур.
Ва ниҳоят сўнгги устуворлик, жамоатчилик билан алоқани кучайтириш партиянинг халқ орасидаги таъсирини белгилайди. Буни барчамиз жуда яхши тушунамиз. Шу боис, ҳар бир маҳаллий Кенгаш депутати ўз сайловчилари билан доимий мулоқотда бўлиши, уларнинг дард-у ташвишини эшитиб, партия орқали манфаатларини ҳимоя қилиши лозим. Жойларда очиқ мулоқот, фикр алмашинуви, ижтимоий масалалар бўйича муҳокамалар ўтказиш фаолият самарадорлигига хизмат қилишига ишончим комил.
Фикрим якунида айтишни истардимки, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари қўл кўтариб, тасдиқловчи эмас, балки халқнинг юрагидаги овозни давлат идораларига етказувчи, унинг ҳимоячиси бўлиши шарт. Зотан, халқ биздан шунчаки фаоллик эмас, масъулият ва ҳақиқий ғамхўрлик кутяпти.
Ҳалилла ЕШИМБЕТОВ,
ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси.
«Ўзбекистон овози», 23.7.2025, №29