Фракция йиғилишида электоратимиз учун муҳим қонунлар муҳокама қилинди

 

Партия фракциясининг бугунги йиғилишида 8 та қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтказилди. Жумладан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун билан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни ишга жойлаштиришда иш берувчиларга ижтимоий мажбурият юклаш, назарда тутилмоқда. Бу қандай амалга оширилади?

“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни махсус талабнома билан маҳаллий меҳнат органига юборади. Мазкур ташкилот тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни бўш иш ўринларига жойлаштиради. Мавжуд бўш иш ўрни уларнинг мутахассислигига тўғри келмаса ёки бошқа сабабларга кўра у ерда ишлай олмаса бундай ҳолатда уларга муносиб иш ўрни топилмагунча ишсизлик нафақаси тайинланади.

Агар бўш иш ўринлари мавжуд бўлган ҳолда асоссиз равишда рад этган иш берувчиларга нисбатан жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Лекин шу билан бирга иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида эътиборга олиниши керак бўлган жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг имконият ва салоҳиятини оширишга кўмаклашадиган, ижтимоий хизматлар ва ёрдамни ривожлантириш орқали жамиятда ижтимоий ўзгаришларга олиб келадиган фаолиятга ижтимоий иш дейилади.

Бир сўз билан айтганда, қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашади.

Фракция аъзолари лойиҳани ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ҳаётини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлашиб, бир қатор асосли эътирозларини ҳам билдириб ўтишди. Хусусан, лойиҳада ижтимоий хизматларнинг турлари аниқ келтирилмагани ва ўша хизматлар учун стандарт белгиланаётгани, қолаверса, ҳаволаки меъёрлар кўплиги масаласида ҳам фикрлар билдирилди.

Шу билан бирга депутатлар қонуннинг такомилга етиши учун ижодкорлар билан бирга ишлашга тайёрлигини билдиришди.

Қонуннинг ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами учун долзарблигини, у қанча эрта кучга кирса уларнинг ҳаётига шунча тез енгиллик олиб киришини инобатга олиб лойиҳани маъқуллаб овоз беришди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш