
Чин ўлкасининг “Шимолий дарвозаси” деб аталадиган Тяньцзинь шаҳрида ўтган “ШҲТ плюс” саммити халқаро ҳамжамият диққат-эътиборидаги муҳим сиёсий воқелик бўлди. ШҲТ саммити том маънода очиқлик ва кўп томонлама ҳамкорлик руҳига жавоб берадиган, ишончли мулоқот учун замоннинг ўзи талаб қилаётган майдонга айланиб бораётгани яна бир карра амалий тасдиғини топди. Бинобарин, ҳозирги мураккаб глобал вазиятда халқлар ва давлатларни эзгу мақсад йўлида бирлаштириш ғоятда долзарб бўлиб, жаҳонда барқарор ва адолатли тартиботни таъминлашда мазкур нуфузли ташкилот мустаҳкам таянчлардан бири ҳисобланмоқда.
1 сентябрь куни “ШҲТ плюс” форматининг “Кўп томонлама ҳамкорликни ҳаётга татбиқ этиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва барқарор тараққиётга кўмаклашиш” мавзусидаги учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Маърузада илгари сурилган ташаббуслар юртимизнинг тинчликсевар, инсонпарвар ва прагматик ташқи сиёсатини яна бир бор яққол намоён этди, десак муболаға бўлмайди.
Таъкидланганидек, ШҲТ доирасида шериклик ва амалий ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжуд. Иқлим ўзгариши, энергетика ва озиқ-овқат ресурслари тақчиллиги, миграция инқирозлари, киберҳужумлар ва бошқа янги хавф-хатарлар юзага келаётган бир шароитда ШҲТ мамлакатларининг барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун жамоавий саъй-ҳаракатларни кучайтириш айни заруратдир.
Президент ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни кучайтириш вазифаларига тўхталиб ўтди. Биринчи навбатда хавфсизликка оид ташаббуслар тилга олинди. Тошкент шаҳрида ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси негизида Хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ ҳамда Душанбе шаҳрида Наркотикларга қарши курашиш маркази ишга туширилгани эътироф этилди.
Хавфсизлик масалалари бўйича “ШҲТ плюс” форматидаги биринчи мулоқотни келгуси йили Ўзбекистонда ўтказиш таклиф қилинди. Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олмасдан ва халқаро ҳамжамиятнинг афғон ҳукумати билан конструктив мулоқотини йўлга қўймасдан туриб, минтақамизда барқарорликни таъминлаш мумкин эмаслиги таъкидланиб, ушбу мамлакатни ШҲТ лойиҳаларига жалб қилиш бўйича прагматик ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этилди.
Бугунги кунда ШҲТ нафақат минтақавий хавфсизликни ўрнатишда, балки транспорт, “яшил” энергетика, инновациялар, рақамли иқтисодиёт, саноат кооперациялари бўйича ҳам қўшма лойиҳаларни амалга оширишда салмоқли ўрин тутмоқда. Шу маънода бизнес соҳасидаги мулоқотлар учун самарали майдонни ишга тушириш мақсадида барча манфаатдор шерикларни жалб этган ҳолда ҳар йили “ШҲТ Инвест” инвестиция форумини ўтказиш ва биринчи форумга келгуси йили Ўзбекистон мезбонлик қилиши таклифи билдирилди.
Инвестиция ва савдо йўналишидаги ҳамкорлик иқтисодий ўсиш баробарида барқарор ривожланишни ҳам жадаллаштиради.
Шунингдек, минтақамизни глобал йўлаклар билан ишончли боғлашни таъминлайдиган самарали транспорт йўналишларини яратиш ҳаётий муҳим масала экани айтилди. Шу борада амалга оширилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ва унинг Трансафғон йўлаги билан боғланиши ШҲТ маконида ягона транспорт тармоғини шакллантириш имконини беради.
ШҲТ инновацион-технологик хаблар тармоғини ташкил этиш навбатдаги яна бир устувор вазифадир. Чунки ШҲТ мамлакатлари сунъий интеллект, катта маълумотлар базалари, робототехника, биомуҳандислик, муқобил энергетика каби илғор йўналишларда катта сакрашни таъминлашга қодир илмий-техник қудратга эга.
Бу таклиф ҳам стратегик аҳамият касб этади. Инсоният келажаги сунъий интеллект ва “яшил” технологиялар билан чамбарчас боғлиқлигини ортиқча таъриф этишга ҳожат йўқ.
Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Буюк ипак йўли маданий мулоқотини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди. Урғу берилганидек, сиёсат ва иқтисод давлатлар ўртасида кўприк қурса, маданий алоқалар ҳам улардан кам вазифа бажармайди.
ШҲТ тарихидаги йирик тадбирлардан бири – Тяньцзинь саммитининг самарали натижалари минтақамизда барқарорликни янада мустаҳкамлашга, кўп қиррали шерикликни кенгайтириш ва барча мамлакатларнинг изчил тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 3.9.2025, №35