
Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида эътироф этилиб, Конституцияда қатъий муҳрланди. Табиийки, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси ушбу мезонга йўналтирилмоқда. Халқ манфаатлари, аҳолининг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда қарорлар қабул қилиниб, тизимли чора-тадбирлар йўлга қўйилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўлиб, ушбу амалиёт 2021 йилда тажриба тариқасида ўтказилди. У асосида бюджет маблағларини тақсимлашда адолатли механизм шакллантирилиб, ҳудудлар бирдек бундан баҳраманд бўлмоқда. Муҳими, ушбу амалиёт учун ажратилаётган маблағ ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Асосийси, ҳамюртларимиз ўз ҳудудлари ҳаётига дахлдор лойиҳанинг ғолиб бўлиши учун фаол иштирок этмоқда. Соғлом рақобат муҳити шаклланди. Маҳаллаларнинг ҳамжиҳатлиги ортгани, ҳамма қўлидан келганича овоз тўплаш учун ҳисса қўшишга интилгани — мана шу демокртиянинг чинакам ифодасидир. Халқ ўзи яшаб турган ҳудуднинг ривожланишига бефарқ эмас ва мақсадга эришиш йўлида бир мушт бўлишнинг уддасидан чиқмоқда. Айтиш керакки, бу жараён дахлдорликни, ислоҳотларда нафақат иштирокчи, балки ташаббускорликни оширмоқда.
Яқинда тизимда яна бир ўзгаришга қадам ташланди. Гап шундаки, давлат раҳбарининг 29 август куни “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Қонунчилик палатаси депутатларининг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини кучайтириш, шунингдек, ҳудудларда ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этиш воситаси сифатида ташаббусли бюджет механизмларини ривожлантиришга қаратилган.
Ҳужжатнинг йўналишларига тўхталадиган бўлсак, Давлат бюджетидан мазкур лойиҳа учун йўналтирилаётган маблағлар янада халққа яқинлашишини кўриш мумкин. Яъни, депутатларнинг ижтимоий масалалардаги ролини ошириш мақсадида ҳужжатда бир қатор асосий вазифалар белгиланди. Шунингдек, Қонунчилик палатасида ташаббусли бюджет жараёнларини мувофиқлаштириш, лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан парламент назоратини олиб бориш билан боғлиқ тартиб-қоидалар ҳам инобатга олинган. Бунинг учун қуйи палата вакилларидан иборат парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилган. Халқ вакилларининг ваколатларини оширишга қаратилган муҳим жиҳатларидан бири эса “Очиқ бюджет” порталида депутатлар ташаббуси билан илгари сурилган алоҳида лойиҳа тоифаси жорий этилади. Ушбу тоифадаги лойиҳаларга ҳам ташаббусли бюджетнинг умумий лойиҳаларига қўйилган мезонлар татбиқ этилади.
Қарорнинг номидан ҳам кўриниб турибдики, бир неча йилдан бери шаклланган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсад қилинган. Чунки ушбу амалиёт ўзини оқлаб келмоқда. Халқ бюджетни бошқаришда, унинг назоратида бевосита иштирок этяпти. Йилдан-йилга айрим камчиликлар тўлдирилиб, янада халқчиллиги ҳамда кўпроқ аҳолининг иштироки таъминланмоқда.
Яна бир эътиборли томони, бу лойиҳа юртдошларимизни бир-бирига яқинлаштириб, жипслашишига, жойлардаги масалаларни биргаликда ҳал этиш, жамоавий қарор қабул қилишга, бирлашишига ҳисса қўшмоқда. Шу билан бир қаторда, ғолибликка эришган ташаббускорлар ўз ютуқларини биргаликда нишонламоқда. Мен ушбу ҳолатни бирдамликни, ҳамжиҳатликни нишонлаш деб баҳолаган бўлардим ва бу одамларни янги ташаббусларга рағбатлантирмоқда. Натижада бирор-бир ижтимоий ҳодисага нисбатан бирлашиш, албатта, уни енгишга асос бўлишини ҳис қилмоқда.
Энг катта ютуқ сифатида эса халқнинг бефарқлигини бартараф этиб, дахлдорлик ҳиссини ошираётганини таъкидлашни истардим. Сабаби, ташаббусли лойиҳаларнинг шаклланишидан тортиб, унинг ғалаба қозонишигача бўлган жараёнда фуқароларнинг ўзи бош-қош бўляпти, мақсадга эришиш йўлида янги ғоялар кашф қиляпти.
Қабул қилинган қарор эса бу жараённи янада такомиллаштириш, давомийлиги ҳамда узвийлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Асосийси эса, депутатларнинг фаоллиги ҳамда сайловчилар олдидаги масъулиятини янада оширишдан иборат.
Қарорга кўра, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси эндиликда йилига икки марта амалга оширилади ва ҳар мавсумда биттадан тегишлича овоз тўплай олмаган лойиҳани депутатнинг таклифи билан амалга ошириш имкони берилади. Бу орқали ташаббусли бюджет доирасида депутатларнинг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Гап шундаки, ҳужжат билан депутатлар “Очиқ бюджет” порталида саралашдан ўта олмаган, бироқ аҳоли учун муҳим бўлган ҳар бир фасл учун битта лойиҳадан, жами иккита лойиҳани ғолиб деб эълон қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Биламизки, мазкур лойиҳага ҳар бир ҳудуднинг маҳаллий даромадлари ҳисобидан шакллантирилган маблағлар йўналтирилади. Янги тартибга кўра эса республика бюджетидан молиялаштириладиган лойиҳалар ҳам танланади. Яъни, 2026 йил 1 январдан депутатлар ҳар йили “Ташаббусли бюджет” жараёнларида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳолининг кундалик ҳаёти ва ҳудудни ривожлантиришга таъсир қиладиган 2 та лойиҳани (ҳар мавсумда 1 тадан) “Очиқ бюджет” ахборот порталида танлайди. Мазкур танлов лойиҳани республика бюджетидан молиялаштириш учун асос ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур жараёнларда ғолиб бўлмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга 1 йилда 2 мавсумга БҲМнинг 8 минг баравари миқдорида маблағ ҳар йилги республика бюджетида назарда тутилади.
Бу билан иккита масалада ўзгаришлар кутилмоқда. Аввало, давлат бюджетининг очиқлиги, шаффофлиги таъминланади. Масалан, Қонунчилик палатаси депутати учун маблағ йўналтирилиши, алоҳида саҳифа очилиб, танлов асосида лойиҳанинг амалга оширилиши масъулиятлилик талаб қилади. Иккинчи томони эса халқ вакилининг сайловчилар билан яна бир бор мулоқотга киришишига, янада яқинлашишига хизмат қилади. Албатта, бу депутатдан чуқур масъулият, алоҳида ёндашув, ташаббускорлик ва ҳудудлар ҳаётидан яхши хабардор бўлиши талаб этилади.
Айтайлик, бир сайлов округида кечиктириб бўлмайдиган бирор масала бўлиши мумкин ва у танловда ғалаба қозона олмади. Ана шу вазиятда депутатга берилган имконият қўл келади. Чунки давлат депутатларни сайлов округларидаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун зарур ресурслар билан таъминлайди.
Шу билан бирга, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларини молиялаштириш устидан парламент назоратини кучайтиришга ҳисса қўшади. Бевосита ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоларининг нафақат билвосита, балки бевосита иштирокига олиб келади. Алал-оқибат, юқоридаги вазифалар ижроси лойиҳаларни амалга оширишда давлат-жамият шериклиги моделини жорий этади.
Энди, қарорнинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратсак. Депутат нимага асосланиб лойиҳа танлайди? Табиийки, халқ билан олиб борилган мулоқотларда кўтарилган масалалар ўрганилади. Хусусан, ҳар йили 1 майгача депутатлар сайловчилар билан мулоқот асосида шакллантирилган таклифларни ижро ҳокимияти органларига тақдим этади. Натижада аҳолининг ҳаётига энг катта таъсир кўрсатган иккита лойиҳани танлаб, уларни республика бюджети ҳисобидан мажбурий молиялаштиришга киритади.
Шу ўринда қарор билан жорий этиладиган яна бир янгиликка тўхталсам. Унда шериклик механизми, яъни, “давлат + аҳоли” тартиби ҳам йўлга қўйилади. Айтайлик, агар лойиҳа қийматининг 50 фоизи аҳолининг ўз ҳиссаси ҳисобидан молиялаштирилса, қолган қисми республика бюджети ҳисобидан қопланиб берилади. Эътиборлиси, бундай лойиҳалар автоматик тарзда ғолиб деб эътироф этилади.
Диққатга сазовор бошқа жиҳати шундаки, маҳаллаларнинг иштирокидаги чекловлар юмшатилмоқда. Жорий йилнинг 1 сентябридан аҳолиси кам (15 тадан кам маҳалла) бўлган аҳоли пунктларида, кетма-кет икки марта ғолиб бўлган маҳаллаларнинг учинчи марта қатнашишига қўйилган чеклов бекор қилинади. Аммо бу чеклов шериклик асосидаги лойиҳаларга тааллуқли эмас.
Кўриб турганингиздек, бу ўзгаришларнинг барчаси ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини янада ривожлантириш мақсадида жорий этилмоқда.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 10.9.2025, №36