Фарғонада ёшлар бандлиги бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди

 

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши ҳамда халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи томонидан ёшлар бандлиги ва ишга жойлашиш имкониятлари, олий таълим битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграцияси, таълимдан четда қолган ёшларни фаол ҳаётга жалб қилиш ҳамда ногиронлиги бўлган ёшлар учун тенг ва адолатли меҳнат шароитлари яратиш масалалари бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Ёшлар ишлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ҳамда Марғилон шаҳри, Тошлоқ, Данғара тумани ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ахборотлари эшитилди.

Маълумотларга кўра, вилоятда жорий йил бошида 1 015 та маҳаллада ўтказилган хатлов орқали 1 млн 6 минг 155 нафар “ёшлар баланси” шакллантирилган. Ёшларнинг 679 581 нафари (67.5 фоизи) “яхши”, 321 147 нафари (31,9 фоизи) “ўрта”, 15 763 нафари (1.6 фоизи) “қизил” тоифадаги (шундан, 7 309 нафар оғир тоифа асосида бириктирилган ишсиз ёшлар) йигит-қизларни ташкил этади.

Вилоятда жорий йилда 4 623 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 4 216 нафарига (81,3 фоиз) манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатилган. Ер олиш истагини билдирган 18 637 нафар ёшлар томонидан 5 002,7 гектар ер майдони (режага нисбатан 101 фоиз) савдоларда ютиб олинган. Ижара асосида ер олган 17 996 нафар (96,8 %) ишсиз ёшларнинг 6 767 нафари ўзини ўзи банд қилиш орқали ва 11 229 нафари юридик шахс ташкил этмаган ҳолда деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтказилиб, бандлиги таъминланган.

Йил якунига қадар вилоятда 2 минг 341 нафар ишсиз ёшларни ҳамда 45 минг 639 нафар меҳнат бозорига кириб келадиган битирувчи ёшларни “Ёшлар бандлиги дастури” асосида банд қилиш режалаштирилгани билдирилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ёшлар бандлигига кўмаклашиш йўлида ижтимоий-иқтисодий фаол бўлиши, ҳаётда муносиб ўрнини топиши учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур, деб ҳисоблайди. Бу борадаги вазифаларни бажаришга масъул этиб белгиланган идора-ташкилотларнинг иш самарадорлигини ошириш, уларнинг ёшлар ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, бандлик ва иш жойлари ҳақидаги маълумотлар ҳаққонийлигига эришиш, мутасаддилар билан ёшлар ўртасида бевосита мулоқотни кучайтириш жамоатчилик эшитувининг асосий мақсади ҳисобланади.

Мулоқот давомида ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, таълим ва касб-ҳунар ўргатиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя, ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Жамоатчилик эшитуви очиқ мулоқот ва савол-жавоблар тарзида ўтди. Тадбир якунида ёшлар билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини янада ошириш, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Мен ЎзХДПни танладим Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш