Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театрида тантанали байрам тадбири ўтказди. Қадрдон театрга йиғилган 400 нафарга яқин соҳа фидойиларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, дилдан суҳбат қурилди.
Байрам тадбирини Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов очиб бераркан, ёш авлодга таълим-тарбия беришдек масъулиятли вазифани зиммасига олиб, меҳнат қилиш ҳақиқий фидойилик намунаси эканини қайд этди. Кейинги йилларда ўқитувчи мақоми юксалганини таъкидлаб, устоз ва мураббийларни шарафли касб байрами билан самимий табриклади.
Тадбирда соҳа вакиллари давлат раҳбарининг ўқитувчи ва мураббийлар учун қўшимча имтиёзлар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ташаббуслари ҳақида ғурурланиб гапирди. Жумладан, 15 йиллик стажга эга педагоглар учун ипотека кредитини расмийлаштиришда бошланғич бадалнинг 25 фоизини давлат ўз зиммасига олиши, ўқитувчиларнинг фарзандлари учун контракт суммасининг 30 фоизи миқдорида чегирма берилиши, уй-жой шароитини яхшилаш ва бош қатор енгилликлар минг-минглаб педагогларнинг кўнглини кўтаргани, ўз меҳнатига бўлган муносабатни ўзгартиргани қайд этилди.
Бир қатор қувончли янгиликлар, юксак ҳурмат-эътибор шарофати билан бу йилги байрам ҳар қачонгидан шукуҳли, кўтаринки кайфиятда ўтаётгани, бир пайтлар четроққа чиқиб қолган соҳа фидойилари бугун муносиб эҳтиром кўраётгани ҳақида фикрлар билдирилди.
Таълим тизими ходимларининг ижтимоий ҳимояси янада ошаётгани, ўқитувчи ва педагогларнинг қадри кўтарилаётгани, ёш авлоднинг билим олиш ва касб-ҳунар ўрганишда тенг имкониятларга эга бўлаётгани Халқ демократик партиясининг асосий дастурий мақсадларига хизмат қилади, деди партия етакчиси.
Байрам тадбирида сўзга чиққанлар мамлакатимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларни эзгу касб байрами билан қутлаб, миннатдорлик асносида самимий тилакларини изҳор қилди. Бир гуруҳ устоз-мураббийлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шу куни соҳа вакилларига Ўзбек давлат мусиқали театри ижодкорлари саҳналаштирган “Жадидлар” мусиқали драма спектакли намойиш этилди.