Қанча йиғилиш ўтказилгани эмас, қандай натижага эришилгани муҳим
Қанча йиғилиш ўтказилгани эмас, қандай натижага эришилгани муҳим

 

Кейинги йилларда маҳаллий давлат бошқарувини демократлаштириш, ҳудудлар тақдири билан боғлиқ қарорларни бир киши эмас, кўпнинг фикри билан қабул қилиш бўйича анча натижаларга эришилди. Халқ депутатлари Кенгашлари ҳозир энг муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишда кўплаб ваколатларга эга бўлди. Чунки кучли фуқаролик жамиятини қарор топтириш учун аввало, маҳаллий кенгашлар кучайиши керак. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Агар маҳаллий Кенгаш кучаймаса, ислоҳотлар натижаси кўринмайди.

Шундай муҳим паллада маҳаллий Кенгашлардаги Халқ демократик партияси депутатлари нималар билан машғул, уларнинг маҳаллий Кенгашлар сессияларида ташаббускорлиги қандай?

Саволларимизга фарғоналик фаолларимиз жавоб беришди.

 

Шоҳруҳ ЎКТАМОВ,

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси:

– Халқ депутатлари Фарғона вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида ЎзХДПнинг 115 нафар депутати фаолият олиб бормоқда.

Бир нарсани ишонч билан айта оламан, партия гуруҳларимизнинг халқ орасида ҳам, депутатлар орасида ҳам обрўси яхши. Депутатларимиз доимий комиссиялар, ҳокимлик ва ижро органлари раҳбарлари олдида ўз сўзига ва мустаҳкам позициясига эга.

Жорий йилнинг ўтган даврида депутатлар томонидан жами 329 та депутатлик сўрови юборилган бўлса, уларнинг 291 таси ижобий ҳал этилди. Депутатлик назорати орқали 78 та масалада ўрганиш олиб борилди. Уларнинг асосий қисми соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя, бандлик, уй-жой билан таъминлаш каби йўналишларни ўз ичига олган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари – бу жамият ҳаётининг юраги, аҳолининг муаммолари ҳал бўладиган, орзу-мақсадлари рўёбга чиқадиган минбардир. Бу ерда ҳар бир депутатнинг овози муҳим, фикри, муносабати тингланади.

Ушбу жараёнда депутатларимиз, фаолларимиз муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўз позициясини эркин билдириб, ҳимоя қилмоқда.

Айтайлик, жорий йилнинг ўтган даврида депутатлик назорати орқали ўрганилган 72 та масала сессиялар кун тартибига олиб чиқилди. Шунингдек, депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан сессия қарорлари доирасида 59 нафар мансабдор шахсларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ҳисоботи эшитилди.

Масалан, яқинда халқ депутатлари Бешариқ туманидаги партиямиз депутатлик гуруҳи томонидан давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Л.Жўраевнинг ҳисоботи эшитилди.

Кенгаш қарори билан ҳар бир оилавий поликлиника ва шифокор пунктига энг керакли ускуна ва жиҳозлар етказиб бериш бўйича таклиф киритиб бориш, бунда экспресс лабораторияларни тўлиқ янгилаш, аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланишига замин яратиш вазифаси юклатилди.

Айтиш керакки, бугунги кунга қадар депутатлик гуруҳлари томонидан иш режада белгиланган вазифаларнинг 90 фоизи муваффақиятли бажарилди.

 

Шавкатжон ЭРМАТОВ,

халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

– Сайловчилар билан учрашиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида чекка қишлоқларга кўп борамиз. Одамларнинг мурожаатлари асосида ёки ўзимиз кўрган, кузатган камчиликлар, муаммолар юзасидан таклифлар тайёрлаймиз, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўровлари жўнатамиз.

Бир мисол, жорий йилнинг 20 июнь куни “Ижтимоий ҳимоя” миллий агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи А.Салимовга Президентнинг 2023 йил 27 декабрдаги «Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича Фарғона вилоятида бажарилган ишлар юзасидан депутатлик сўрови юборилди. Натижасида электоратимиз вакиллари бўлган 10 нафардан ортиқ ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.

Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин. Энди тасаввур қилинг, ҳар бир туман, шаҳар, вилоятнинг қанчадан-қанча депутати, халқ сайлаган вакиллари бор. Ҳамма юраги ёниб ишласа, ишончни оқлаш учун беҳаловат бўлса, қанчадан-қанча мурожаатлар ҳал бўлади, одамларни ўйлантираётган кўпдан-кўп масалалар ечилади. Шундай масалалар борки, вақт ҳам, катта маблағ ҳам талаб этмайди. Шунчаки эътиборнинг ўзи уни ҳал қилиш учун етарли. Фақат депутат сайловчилари учун жон куйдирса бўлди.

 

Облоберди ОЛИМОВ,

халқ депутатлари Қува туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари:

– Вилоятимизда сессия кун тартибига масала олиб киришда маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссияларнинг ўрни ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки депутатлик гуруҳининг ўрганиш якунлари бўйича қарори дастлаб доимий комиссияга тақдим этилади. Комиссиялар кўриб чиқиладиган масаланинг моҳияти, долзарблиги ва унинг аҳолига таъсирини чуқур таҳлил қилади. Шундан сўнг ушбу масалани Кенгаш кун тартибига киритади.

Масалан, яқинда халқ депутатлари Қува туман Кенгашининг “Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари” бўйича доимий комиссия йиғилишида ЎзХДП депутатлари ташаббуси билан “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонуннинг тумандаги ижроси муҳокама қилинди.

Унга кўра, туман васийлик ва ҳомийлик рўйхатида 133 нафар васийликдаги, 91 нафар ҳомийликдаги, 7 нафар оилавий болалар уйи тарбияланувчилари — жами 231 нафар болалар бўлиб, уларнинг йиғма жилдлари шакллантирилганлиги аниқланган.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, туманда 66 нафар ота-онасининг қарамоғисиз қолган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида уларнинг 47 нафарига васийлик, 19 нафарига ҳомийлик тайинланган.

Шу билан бирга 22 нафар болалар ота-онаси қарамоғига қайтарилган. Бундан ташқари, болалар ҳуқуқларини таъминлаш масаласида суд жараёнларида 40 маротаба иштирок этилган. Бу орқали ўзаро ажралган ҳолда яшaётган ота-оналарнинг фарзандларини кўриш, боланинг яшаш жойини белгилаш бўйича Фуқаролик ишлари бўйича судларга хулосалар тақдим этилган.

Туманда 6 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 77-моддасига асосан вояга етмаган болаларнинг яқин қариндошлари (бобо, буви, ака, ука ва бошқалар) билан кўришиб туришини таъминлаш мақсадида Қува тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбасининг қарорлари қабул қилинган.

Ўрганиш натижалари таҳлил қилиниб, халқ депутатлари Қува туман Кенгашининг ўн иккинчи сессиясида кўриб чиқилди.

Қанча йиғилиш ўтказилгани эмас, қандай натижага эришилгани муҳим. Хўш, биз натижаларни қандай аниқлаймиз? Жойларда ўтказиладиган партия фаоллари, депутатлар иштирокидаги учрашувлар, мулоқотлар жараёнида аҳолининг фикрлари, мурожаатлари ўрганилади. Кўрилган масалалар бўйича қайта ўрганиш олиб борилади, сусткашликка йўл қўйилаётган масалалар ижроси жадаллаштирилади.

 

***

Бир қарашда депутатлик гуруҳлари шунчаки 10-15 нафар депутатлар бирлашмаси, 2-3 ойда бирон бир масаласини муҳокама қилувчи жамоадек кўринади. Аслида эса унинг масъулияти, сайловчилар олдида бурчи катта. Улар ҳудудлардаги аҳолини ўйлантираётган масалаларни яхши билиши, уларни ҳал этиш бўйича тегишли ташкилотлар, мутасаддилар олдига вазифалар қўйиши, муаммолар ечими бўйича аниқ таклифлар билдириши керак бўлади. Уларнинг ташаббуси билан сессияларда кўрилган масалалар ҳам шунчаки қоғозларда қолиб кетиши керак эмас. Ижроси назоратга олиниб, амалий ишлар натижаси кўриниши зарур.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

«Ўзбекистон овози», 1.10.2025, №39

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш