Ноқонуний хатти-ҳаракатларни тасвирга олиб, маълум қилганлик учун жавобгарлик кўзда тутилмайди

 

Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг бугунги йиғилишида жамият ҳаётига дахлдор бўлган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Кун тартибида биринчи бўлиб, Қонунчилик палатаси томонидан Сенатга юборилган ва Юқори палата томонидан рад этилган «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонун бўйича келишув комиссиясини тузиш масаласи кўриб чиқилди.

Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзосининг таъкидлашича, Сенатнинг тегишли қўмитаси хулосасида келтирилган айрим масалалар кўриб чиқилиши керак ва баъзи масалалар бўйича Қуйи палата қўмитасида асосли жавоблар бор.

Депутатларимиз мазкур қонун бўйича иккала палатанинг келишув комиссиясини тузишни бир овоздан маъқуллашди.

Йиғилишида шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Мазкур лойиҳа билан шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш мажбурий экани белгиланмоқда. Бунда агар шахс муомалага лаёқатсиз бўлса, розилик унинг қонуний вакили томонидан, шунингдек, шахс вафот этган тақдирда, агар у ҳаётлиги чоғида розилик бермаган бўлса, унинг ворислари томонидан берилади. Ўн олти ёшга тўлмаганлар номидан розилик уларнинг ота-онасидан бири ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бири томонидан берилиши назарда тутилмоқда.

Бунда истиснолар ҳам бор. Масалан, ноқонуний хатти-ҳаракатларни тасвирга олиб, уни маълум қилганлик учун жавобгарлик кўзда тутилмаган.

“Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритишга қаратилган лойиҳа биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Лойиҳада “Ватандош” картаси эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида янада қулай шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Бунда уларни Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида кўрсатиладиган айрим давлат хизматлари учун давлат божидан озод этиш назарда тутилмоқда.

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда ватандошларимизни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшаётган ватандошларимизни рағбатлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Фракциямиз аъзоларининг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантиришига хизмат қилади.

Йиғилиш давомида кун тартибидаги ҳар бир масалага алоҳида ёндашув ва фикр-мулоҳазалар билдирилиб, фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш