Фракциямиз рецепт билан бериладиган дориларни рецептсиз тарқатганлик учун жазони кучайтириш тарафдори

 

Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Кун тартибида биринчи бўлиб, «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги лойиҳа иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокамадан ўтказилди.

Биламизки, хорижда истиқомат қилувчи ватандошларимизга юртимизда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи «Ватандош» картаси жорий этилган. Қонун билан «Ватандош» картаси эгаcи ва унинг оила аъзолари амалдаги виза муддатини кўп марталик виза этиб узайтирганлик учун давлат божидан озод қилиниши каби енгилликлар берилиши назарда тутилмоқда.

Фракциямиз аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хорижда истиқомат қилаётган ватандошларга тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолишга хизмат қилишини ҳисобга олиб, лойиҳани қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни кучайтириш ҳақидаги лойиҳа биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Статистик маълумотларга қараганда, рецепт билан бериладиган дориларнинг ноқонуний айланмаси 2024 йилда 2022 йилга нисбатан 3 бараварга ўсган.

Шу ўринда айтиб ўтайлик, рецепт билан бериладиган дори воситалари ўз хусусиятига кўра наркотик, психотроп, кучли таъсир қилувчи, инсон организмига бевосита хавф туғдирадиган ёки ножўя таъсир кўрсатадиган, руҳий ёки жисмоний қарамликни келтириб чиқарувчи дори воситаларига бўлинади. 2021–2024 йилларда доридан заҳарланган шахслар сони 18 087 нафарни ташкил этган бўлса, шундан 177 ҳолатда инсон ўлими билан якунланган.

Лойиҳа билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга рецепт билан бериладиган дори воситалари ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган меъёрлар киритилмоқда. Жумладан:

Энди таркибида кучли таъсир қилувчи (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп) моддалар мавжуд бўлмаган дори воситаларини рецептсиз тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача;

таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецептсиз тарқатишга эса – юз бараваридан икки юз бараваригача жарима белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецептсиз тарқатиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилса жарима жазосини икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда белгилаш таклиф этилмоқда.

Депутатлар масаланинг ҳар бир жиҳатини синчковлик билан муҳокамадан ўтказишди. Маъмурий жазо чораларининг миқдори юқорилигига ҳам эътибор қаратишди. Лекин узоқ давом этган фикр-мулоҳазалардан сўнг халқ вакиллари инсон организмига бевосита кучли таъсир қиладиган дори воситаларнинг рецептсиз тарқатилиши жуда ёмон оқибатларга олиб келишини ҳисобга олиб, уларнинг ноқонуний айланишини чеклаш керак, деган хулосага келишди.

Фракциямиз аъзолари қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллашди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш