Халқ демократик партияси сўл қанот партия сифатида давлат ташкилотлари ва мансабдор шахсларнинг фуқаролар олдидаги масъулиятини кучайтириш, бу борада депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини изчил олиб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Куз-қиш мавсумида коммунал таъминот мунтазамлигини таъминлаш, аҳолига, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш долзарб масаладир. Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси депутатлари Тошкент вилоятининг 22 та туман-шаҳрида коммунал соҳадаги хизматларнинг сифати ва самарадорлигини ўрганди.
Мазкур ўрганиш натижалари Нурафшон шаҳрида вилоятда коммунал соҳага масъул ташкилотлар мутасаддилари, электорат ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида очиқ муҳокама этилди. Аниқланган муаммоли ҳолатлар, ечимини кутаётган масалалар бўйича амалий мулоқот ташкил этилди.
Жамоатчилик эшитуви тартибидаги йиғилишда Тошкент вилоятида коммунал хизматлар кўрсатишга масъул идоралар мутасаддилари электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва кўмир таъминоти ҳолати ҳақида ахборотларини тақдим этишди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятида куз-қиш мавсумига жадал тайёргарлик кўрилган, ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасаларида жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида вилоят бўйича 242 дона кўп қаватли уйнинг том қисми, 538 та кириш йўлаклари, 368 та электр шит, 118 дона ертўла қисмидаги муҳандислик тармоқлари таъмирланиб, шай ҳолатга келтирилган.
Газ хўжалигининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги бўйича берилган маълумотларга кўра, вилоят бўйича газ қувурлари тўлиқ таъмирланган, хусусан, марказлашган 2 та қозонхона мукаммал, марказлашган яна 17 та қозонхона жорий таъмирланган.
Умуман, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар тақдим этган аксарият маълумотларда асосий режалар 100 фоиз ва ундан юқори сифатда бажарилгани кўрсатилган. Бу қувонарли, албатта. Лекин куз-қиш мавсуми қисқа эмас, реал ҳаётда юзага келадиган муаммоли ҳолатларни халқимиз олдида ҳисобдорликни ҳис қилиб ҳал этиш зарур бўлади, дейилди жамоатчилик эшитувида.
Шунингдек, вилоятда кўмир билан таъминланиш ҳолати ўрганиш даврида 53 фоизни ташкил этгани ҳолда, бу кўрсаткич мос равишда Бўка туманида 34, Пискент туманида 42, Паркент туманида 44, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларида 46, Янгийўл туманида 65 фоизни ташкил этган.
Ичимлик суви тармоқлари мукаммал таъмирланиши бўйича Зангиота туманида кўрсаткич 24, Қибрай туманида 48, Нурафшон шаҳрида эса 44 фоизни ташкил этгани қайд қилинган.
Ўрганиш жараёнида кўринган камчиликларни ҳал этиш бўйича Халқ демократик партиясининг туман, шаҳар, шунингдек, вилоят Кенгашларидаги депутатлари томонидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилган.
Йиғилишда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашни таъминлаш, коммунал хизматларни узлуксиз ва сифатли кўрсатиш борасидаги масалалар мутасаддилар иштирокида жамоатчилик вакиллари кўз ўнгида муҳокама этилди.
Масъул ташкилотлар раҳбарларига истеъмолчилар мурожаатлари асосида камчиликларни бартараф этиш бўйича юборилган депутатлик сўровларига тезкор равишда жавоб юбориш, амалий чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди.
Халқ демократик партияси депутатлари ва фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўрганиш ва депутатлик назорати тадбирларини давом эттирмоқда.