Камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш асосий кун тартибидан тушмай келаётгани, аксинча, натижалар очиқ таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгилаб олинаётгани ният эзгу, мақсад қатъийлигини яна бир исботламоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 ноябрь куни бу борадаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши энг муҳим пайтга тўғри келди. Аввало, ҳукумат, ижро ҳокимияти ва мутасадди вазирликлар, барча мутасаддиларга камбағалликни қисқартириш масаласига диққатни сусайтирмаслик зарурлиги уқтирилди.
Албатта, камбағалликни қисқартириш осон ва бирдан бўладиган жараён эмас. Энг муҳими, давлатнинг катта ресурс ва имкониятлари шу йўналишга сарфланаётган экан, бу борадаги ишлар тизимли тус олиши, белгиланган ҳар бир чора-тадбир ўз ўрнида ва самарали ижро этилиши керак.
Жаҳон амалиётида камбағалликни аниқлашда беш хил ёндашув мавжуд экан. Тирикчилик воситаларидан маҳрумлик кўринишидаги камбағаллик, тенгсизлик кўринишидаги камбағаллик, маданий камбағаллик шулардан энг асосийларидир. Эътибор берсак, йиғилишда таъкидланган масалалар, белгиланган вазифалар камбағалликнинг турли сабабларини бартараф этишга тизимли ёндашувга қаратилди.
Даромад манбаини яратиш, юртдошларимизда “интилса натижа бўлиши”га ишончни янада мустаҳкамлаш, айниқса, давлат қўлловини етказиши керак бўлган мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш долзарб масаладир.
Таъкидланганидек, ўтган даврда бу йўналишдаги ишларни қуйида тўғри ташкил қилиш, маҳаллама-маҳалла юриб, янги ташаббусларни топиб, одамлар ҳаётини яхшилашга масъул бўлган вилоят, туман ҳокимлари ва улар ходимларининг моддий ва техник имкониятлари тубдан яхшиланди. Жорий йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушгани қайд этилди (ўтган йили 5,5 фоиз бўлган).
Бу борадаги ишларни ташкил қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Биринчидан, қурилиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш муҳим йўналишдир.
Келгуси йилда юртимизда 675 триллион сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилгани, шундан 380 триллион сўми қурилиш ишларига тўғри келиши соҳада катта имкониятлар борлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун қурилишда камида 20-25 минг, яратилган инфратузилма орқали 10 минг кишининг бандлигини таъминлаши мумкинлиги қайд этилди.
Иккинчидан, сервис лойиҳаларини кўпайтириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам улкан йўналиш ҳисобланади. Хизмат кўрсатишда яратилаётган иш ўринлари барқарорлиги ва фуқароларни доимий фаолликка ундаб туриши билан аҳамиятлидир.
Эҳтиёжманд оилаларнинг ҳимоясини кучайтириш, бу борадаги қонуний ҳуқуқларни муҳофаза қилиш долзарб ижтимоий аҳамиятга эга. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш масаласини камбағалликни қисқартириш вазифалари билан бир хил кўриб бўлмайди. Бу йўналишда алоҳида ёндашув, профессионал муносабат бўлиши зарур.
Шу боис йиғилишда янги йилдан “Тенг имкон – инклюзив бандлик” лойиҳасини жорий этиш, ногиронлиги бўлган 40 минг одамни ишли қилиш муҳим экани таъкидланди. Бандлик жамғармасидан 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.
Депутатларимиз, партиямиз Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатларда эндигина иқтисодий фаолликка интилаётган, лекин ҳали барқарор даромад топишга улгурмаган оилалар давлат ёрдамидан узиб қўйилаётгани тўғрисида саволлар кўтарилиб келарди. Бу муаммо айрим оилаларнинг камбағалликка қайтиб қолиш хавфини оширади.
Йиғилишда мазкур жиҳатга алоҳида эътибор берилди. Муҳтож оилаларга ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар сақлаб қолиниши, 6 ой мобайнида моддий ёрдам ва болалар нафақаси тўланиши давом эттирилиши, боғча ва тўгарак харажати қопланиши, даволаниш ордери каби 110 та ижтимоий хизмат ва ёрдамдан 12 ой давомида қўшимча фойдаланилиши, бунга имкон берилиши инсонпарварлик намунаси бўлади.
Партиямиз фаоллари, депутатлик бирлашмалари билан камбағалликни қисқартиришга доир ҳар бир дастур ва меъёрий ҳужжат, ҳар бир вазифанинг бажарилиши бўйича жамоатчилик ва депутатлик назорати таъсирчанлигини оширишимиз зарур. Келгуси йил учун Ҳаракат дастуримизда, доимий режаларимизда бу масалани кун тартибидан туширмаймиз.
Ҳар бир инсон фаровонликка интилиши учун шароит яратиш, шу йўлда уни қўллаб-қувватлаш эзгу мақсад, эзгу фаолиятдир. Ҳар биримиз зиммамиздаги масъулиятни ҳис этиб, камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатига муносиб ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.