Кейинги йилларда бутун дунёда иқлим ўзгаришлари аҳоли турмуш сифатига, иқтисодиётга ва ижтимоий ҳаётга турли даражада салбий кўрсатмоқда. Айниқса, мураккаб экологик муаммолар қуршовида қолаётган минтақамизда экологик муҳитни асраш долзарб масалага айланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги устувор вазифаларни белгилаб бергани билан жуда ижтимоий аҳамиятга эга ҳужжат бўлди.
Аввало, ушбу Фармонда энг муҳим экологик вазифалар белгиланишида кенг жамоатчилик вакилларининг таклиф-мулоҳазалари ҳисобга олинганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Фармонга мувофиқ, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилди. Махсус комиссия қурилиш ишларини амалга оширишга чеклов ва уларга талаблар жорий қилиши, шу жумладан, қурилиш вақтида чангни бартараф этувчи ускуналарни ўрнатиши ва бошқа талабларни белгилаши муҳим аҳамиятга эгадир.
Махсус комиссиянинг унга юклатилган вазифалар ва бeрилган ваколатлар доирасида қабул қилган қарорлари, кўрсатмалари барча давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланиши экологик барқарорликка эришишда тезкор чоралар кўрилишига асос бўлади.
Халқ демократик партияси мазкур фармонни реал эҳтиёжларга мувофиқ равишда аҳолини ижтимоий ва экологик муҳофазалаш бўйича энг зарур пайтда қабул қилинган ҳужжат, деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, ўз дастурига мувофиқ, давлат ва жамият томонидан иқтисодий ривожланишни назорат қилиш ҳамда тартибга солиш лозимлигини таъкидлайди.
Ушбу мақсадда иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ва янги технологияларни жорий этиш масалалари бўйича барча жабҳаларда ижтимоий мулоқот ва жамоат назорати механизмини жорий этиш, мазкур жараёнларни аҳолининг меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик даражаси ва ишлаб чиқаришнинг экологик тозалигини таъминлаш билан уйғунликда олиб бориш зарурлигини қайд этади.
Белгиланган долзарб вазифаларни сифатли амалга ошириш, мураккаб экологик вазиятда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами, хусусан, болалар ва нуронийларни муҳофазалаш бўйича айрим чоралар кўрилиши кераклигини илгари суради.
Биринчидан, пойтахтимизда ва бошқа шаҳарларда нуронийлар учун хордиқ чиқариш имкониятларини кенгайтириш, зарур ҳолларда уларга тезкор тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш чораларини кўриш муҳимдир.
Иккинчидан, таълим муассасаларида, машғулотлар ва дарс хоналарида ҳавони тозалаш чораларини кўришга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Халқ демократик партияси парламентдаги фракцияси, халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари ва ҳудудий ташкилотлари билан бирга экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларнинг сифатли бажарилиши учун кенг жамоатчилик ва таъсирчан депутатлик назоратини амалга оширишга киришади.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати