Бағрикенг халқимизни, давлат ва жамиятимизни янада жипслаштирадиган, мамлакатимизда ҳамжиҳатликни оширадиган байрамлар, қувончли воқеалар, тарихий саналар кўп. Давлат раҳбарининг парламентга ва халқимизга Мурожаатнома йўллаши шундай муҳим воқеалардан бирига айланди, десак, асло муболаға бўлмайди.
Бу йилги Мурожаатномада сўнгги тўққиз йилда эришилган ютуқ ва натижалар аниқ рақамлар асосида таҳлил қилинди, давлат ва жамият олдида турган долзарб вазифалар кўрсатиб берилди, эзгу ниятлар билан юксак марралар белгиланди.
Мурожаатноманинг энг асосий жиҳатларидан яна бири шунда бўлдики, унда илгари сурилган таклиф-ташаббуслар, билдирилган фикрлар кўп миллатли халқимизнинг ижтимоий кайфиятини кўтарди. Ишончни янада мустаҳкамлади. Айниқса, Янги йил яқинлашиб келаётган айни кунларда барчамизга байрамона кўтаринкилик бахш этди.
Қайси бир соҳани олмайлик, йилдан-йилга катта ўзгариш ва янгиланишлар бўлаётганини кўрамиз. Биргина ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизматлар соҳасини олсак, кейинги йилларда бу йўналишда бутунлай янги тизим яратилди. Албатта, кўлами кенг, вазифаси мураккаб ижтимоий ҳимоя соҳасини барқарор йўлга солиб олиш осонлик билан бўлаётгани йўқ. Инсонни ҳимоялаш, унга хизмат қилишдек эзгу мақсад натижасида ҳозир юртимизнинг барча ҳудудларида 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар тезкор кўрсатилмоқда. Бунинг самараси ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон ҳаётида яққол кўринмоқда.
Давлат раҳбари алоҳида қайд этган, “биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик”, деган фикр замирида чуқур маъно мужассам.
Дарҳақиқат, жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш, транспорт-логистика, хомашё ва молиявий ресурслар билан боғлиқ муаммолар чуқурлашиб бораётган мураккаб шароитда ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этмоқда. Жаҳон ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилаётгани учун ҳам натижаларнинг аҳамияти ортиб бормоқда.
Иқтисодиётни ривожлантиришдан, ишбилармонликка қулай муҳит яратишдан, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан кўзланган энг асосий мақсад, пировардида, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, одамларни рози қилишдир. Шу маънода иқтисодиётда эришилган натижалар ижтимоий ҳаётда бевосита акс этмоқда, миллионлаб оилалардаги муҳитни ўзгартирмоқда.
Таъкидландики, жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди.
Бу рақамлар оддий рақамлар эмас, уларнинг ортида қанчадан-қанча машаққатли меҳнат, шижоат ва матонат бор. Бу рақамлар ортида қанчадан-қанча қувонч, яна қанчадан-қанча ишонч бор.
Аслида битта оиланинг камбағалликдан чиқиши давлат ва жамият учун муҳим ҳодиса. Бу битта оиланинг рўзғори барқарор бўлди, болалари таълим-тарбияси, қўйингки, келажаги изга тушиб олди, дегани.
Юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушгани қайд этилди. Ҳар бир инсоннинг барқарор фаолият ва даромад манбаига эга бўлиши мамлакат барқарорлиги учун ҳам муҳим. Камбағалликни қисқартириш шу маънода натижаси узоқ йилларга хизмат қиладиган, кам даромадли оилаларнинг ҳаёти ва тасаввурини бутунлай ўзгартириб юборадиган кенг кўламли сиёсатдир.
Камбағалликни қисқартириш ва маҳаллани ривожлантириш тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ экани ҳақида узоқ фикр юритиш мумкин. Маҳалла ривожланиши у ерда камбағаллик қисқаришини ҳам англатади.
Тўғри таъкидланганидек, юртдошларимизнинг деярли барчаси ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми, деб ҳисоблайди. Ушбу институт, албатта, ижтимоий бирдамлик манбаига айланди. Айниқса, кейинги йиллардаги ислоҳотлар ва лойиҳалар натижасида маҳаллапарварлик ҳисси тобора юксалди. Маҳаллапарварлик ватанпарварликнинг амалий кўринишларидан бири ҳисобланади.
Мана шу асосларнинг барчасини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари 2026-йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф этганида залдагилар ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлиб қўллаб-қувватлади. Аминманки, кейинги йилга яхши ният билан бундай улуғ ном берилиши халқимизнинг кўнглидаги истакнинг ифодаси бўлди.
Келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилиши билдирилди. Жумладан, ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туманни танлаб, ҳамма маҳалласидаги барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратилади. Бу бир неча йил давомида амалга оширилган “Обод маҳалла” дастури бир неча баробар кенгайишини англатади. Эндиликда маҳалла ободлигидан туман ободлигига ўтилиши маҳалламизнинг бир вакили сифатида ҳаммамизни қувонтиради.
Мурожаатномада келгуси йил учун дастурнинг яна бир устувор йўналиши касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш бўлиши кераклиги тушунтирилди.
Дунё кундан-кунга ривожланиб, иқтисодиётнинг таркиби, одамларнинг ўрни ва аҳамияти ўзгариб боряпти. Бундай вазиятда барқарорликни сақлаш ва юксалиш учун янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш муҳим вазифага айланди. Таҳлиллар яқин беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилиши, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинишини кўрсатмоқда. Бу рақамлар – замонавий иқтисодиётнинг жиддий чақириғи.
Шу маънода мамлакатимиз меҳнат бозори – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарурлиги ҳақидаги фикр стратегик аҳамиятга эгадир. Айниқса, мамлакатимиз меҳнат бозорига йилига 300 минг нафар олий маълумотли кадрлар кириб келаётгани масъулиятни янада оширади.
Мурожаатномада ижтимоий, иқтисодий йўналишлар билан бирга, сиёсий-демократик йўналишдаги концептуал ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Конституциявий ислоҳотлар доирасида бир-биридан ажратилган ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимлари 2026-йилдан 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилиши таъкидланди. Демократик нуқтаи-назардан бу жуда характерли қадамга айланади. Чунки, давлат ҳокимияти органларининг бир-бирини тийиб туриш тамойили ишлаши ва халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган натижалар бериши мана шу ислоҳот билан чамбарчас боғлиқ бўлиб турибди.
Айни пайтда депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниши, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича чоралар кўрилиши сайловчилар, партиямиз электорати мурожаатларига эътибор ва масъулият кучайишига асос бўлади. Ҳудудларда ҳам демократик мувозанат йўлида муҳим силжиш кузатилади.
Яқин йилларда даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига кириш асосий мақсад экани уқтирилди. Халқимиз, депутатлар, давлат идоралари масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари эзгулик йўлида ҳамжиҳат, тараққиёт йўлида талабчан бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, бу маррага етамиз.
Мурожаатноманинг бутун мазмун-моҳияти, йўналиш ва вазифалари Халқ демократик партиясининг ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги, ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш ғояларига ҳар томонлама ҳамоҳанг эканини ҳам таъкидлаш жоиз.
Шунинг учун партиямиз фаоллари, депутатлик бирлашмалари билан Мурожаатномада белгиланган режаларни амалга оширишга доир ҳар бир дастур ва меъёрий ҳужжат, ҳар бир вазифанинг бажарилиши бўйича таъсирчан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатамиз. Келгуси йил учун Ҳаракат дастурларимиз, ижтимоий-сиёсий режаларимизда бу масалани кун тартибидан туширмаймиз.
Барча соҳадаги натижаларимиз 38 миллиондан зиёд катта халқимизга мос бўлиши учун муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
Улуғбек Иноятов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари.