Мурожаатнома мазмун-моҳиятини халқимизга кенг тарғиб қилиш бўйича вазифалар белгиланди

 

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатномасида фаровонликни кўзлаб илгари сурилган ташаббуслар мазмун-моҳиятини халқимизга, сайловчиларга етказиш, юртимиз равнақига хизмат қиладиган вазифаларни амалга ошириш жараёнларида фаол иштирок этиш, бу борада муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов Мурожаатномада сўнгги тўққиз йилда эришилган ютуқ ва натижалар аниқ рақамлар асосида таҳлил қилингани, давлат ва жамият олдида турган долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилгани, эзгу ниятлар билан юксак марралар белгилаб берилганини таъкидлади. Мурожаатноманинг энг асосий жиҳатларидан яна бири шунда бўлдики, унда илгари сурилган таклиф-ташаббуслар, билдирилган фикрлар кўп миллатли халқимизнинг ижтимоий кайфиятини кўтарди. Ишончни янада мустаҳкамлади. Айниқса, Янги йил яқинлашиб келаётган айни кунларда барчамизга байрамона кўтаринкилик бахш этди.

Қайд этилганидек, давлат раҳбари алоҳида қайд этган, “биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик”, деган фикр замирида чуқур маъно мужассам.

Депутатлар иқтисодиётда эришилган натижалар ижтимоий ҳаётда бевосита акс этаётганини, миллионлаб оилалардаги муҳит тубдан ўзгараётганини билдирди. Жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди. Бу рақамлар оддий рақамлар эмас, уларнинг ортида қанчадан-қанча машаққатли меҳнат, шижоат ва матонат бор.

Камбағалликни қисқартириш ва маҳаллани ривожлантириш тушунчалари Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари билан ҳар томонлама ҳамоҳангдир. Айниқса, кейинги йиллардаги ислоҳотлар ва лойиҳалар натижасида маҳаллапарварлик ҳисси тобора юксалди. Маҳаллапарварлик ватанпарварликнинг амалий кўринишларидан бири ҳисобланади, деди фракция етакчиси.

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да иқтисодиётни янада ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, иш ўринлари яратиш ва бандлик даражасини ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижросида фракциянинг фаол иштирокини таъминлаш масаласида фикр мулоҳаза ва таклифлар берилди.

Хусусан, фракция аъзоси Шарофиддин Назаров ижтимоий-иқтисодий вазифаларнинг сифатли бажарилиши бўйича ҳукуматга, вазирлик-идораларга фракция позициясини доимий билдириб бориш, вакиллик ҳокимиятига берилган ваколатларнинг натижадорлигини ошириш зарурлигини қайд этди.

Фракция аъзоси Улуғбек Шерматов Ўзбекистон ташқи сиёсатда жуда фаол эканини таъкидлаб, халқаро келишувларда зиммамизга олинган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан парламент ва депутатлик назоратини изчил йўлга қўйиш кераклигини билдирди.

Фракциянинг яна бир аъзоси Қизилгул Қосимова соғлиқни сақлашнинг қуйи тизимида, айниқса, оилавий поликлиникаларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масаласи округлардаги фаолиятнинг асосий йўналишларидан бири бўлиши кераклигини таъкидлади.

Мажлисда Мурожаатномада белгиланган барча устувор йўналишлар бўйича алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, келгуси йил учун давлат дастурига партия дастуридан келиб чиқадиган таклифларни бериш юзасидан дастлабки вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда фракциянинг жорий йилги фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Электорат манфаатлари ҳимояси йўлида ташаббускорликни ошириш, фракция аъзоларининг доимий фикр ва таклиф билдириш кўникмасини ривожлантириш, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда доимий фаолликни таъминлаш зарурлиги билдирилди.

Мурожаатноманинг бутун мазмун-моҳияти, йўналиш ва вазифалари Халқ демократик партиясининг ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги, ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш ғояларига ҳар томонлама ҳамоҳангдир.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш