Халқ демократик партияси фракцияси парламентдаги мухолифат фракцияси сифатида ҳар бир қонун лойиҳасига жамият, электорат манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашишни ўзининг муҳим сиёсий бурчи, деб билади. Фракциянинг бугунги мажлисида қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди, мамлакатда қонунийлик, барқарорлик ва инсон ҳуқуқларига оид масалалар бўйича фикр алмашилди.
Қўриқлаш фаолияти давлат ва жамият хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, фуқароларнинг кундалик ҳаётига, уларнинг эркин ҳаракатланиши, мулки ва шахсий дахлсизлигига бевосита таъсир кўрсатувчи масаладир. Шу сабабли «Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.
Хусусан, депутат Ш.Аҳмедовга кўра, партиянинг сиёсий дастурида ижтимоий адолат, тенглик ва фуқароларни ҳимоя қилиш тамойиллари муҳимлигидан келиб чиқиб, қўриқлаш фаолияти соҳасидаги қонунчиликда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар манфаатлари ҳисобга олиниши кераклигини таъкидланди.
Навбатда муҳокама қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда боланинг энг устун манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси алоҳида муҳокамаларга сабаб бўлди.
Лойиҳага кўра, тазйиқ ва зўравонликка учраган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги механизмларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Депутат Ж.Ачиловга кўра, қонунда кўрсатилган боланинг энг устун манфаати деган тушунчанинг аниқ чегараси нималарда акс этиши қонунчиликда кўрсатилиши лозим. Акс ҳолда, жамият аъзолари ўртасида, ҳуқуқни қўллаш пайтида тушунмовчиликлар пайдо бўлиши эҳтимоли юқори.
Депутат А.Темиров ушбу қонун лойиҳаси бўйича хорижий тажрибада фақатгина Украина, Грузия, Германия каби мамлакатларни ўрганиш билан чекланилган бўлиб, қадриятларимизга яқин мамлакатларнинг деярли кўрсатилмаганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, лойиҳада кўрсатилган “ахлоқий манфаат”нинг болага устунлик берилиши жамиятимизда оила институтини аҳамиятини туширишга сабаб бўлиши мумкин.
Муҳокамалардан сўнг ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Зўравонликка муросасиз муносабат, аёл ва бола ҳуқуқлари ҳимоясига давлатнинг масъуллиги Халқ демократик партияси учун жуда муҳим масаладир.