Ўзбекистонда маҳалла шунчаки маъмурий бирлик эмас. Бу кўп асрлик ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва масъулият анъаналарини ўзида мужассам этган ноёб ижтимоий институтдир. Зеро, айнан маҳалла даражасида ишонч муҳити шаклланади, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар тарбияси ва оилавий қадриятлар мустаҳкамланади.
Сўнгги йилларда маҳалланинг роли сезиларли даражада ошди. У аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муаммоларнинг олдини олиш, бандлигини таъминлаш ва жамоат тартибини мустаҳкамлашнинг таъсирчан воситасига айланди. Бу жараёнда бугунги кунда ҳар бир маҳалла даражасида ўзаро мувофиқлаштириш ва ҳамкорликнинг энг муҳим механизми бўлган "маҳалла еттилиги"нинг универсал модели алоҳида аҳамият касб этмоқда.
"Маҳалла еттилиги" таркибига аҳолининг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларни ҳал этишнинг самарали йўлларини топишдек умумий мақсад йўлида бирлашган асосий тузилмалар ва жамоатчилик институтлари вакиллари киради. Бундай модель оилалар, ёшлар, хотин-қизлар, кексалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари билан тизимли ишлаш имконини беради. Унинг асосий афзаллиги — комплекс ёндашув ва ҳар бир иштирокчининг шахсий масъулиятидир.
Айнан "маҳалла еттилиги"нинг изчил фаолияти туфайли ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кучаймоқда. Ижтимоий шериклик ривожланиб, жойларда бандлик ва тадбиркорлик фаоллиги даражаси ошмоқда. Маҳалла давлат ва фуқаролар ўртасидаги мулоқот майдонига айланмоқда, бу ерда ҳар бир инсон ўзининг аҳамиятини ва жамиятдаги жараёнларга дахлдорлигини ҳис қилмоқда.
2026 йилнинг “Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани бу институтни янада такомиллаштиришга янги суръат бағишлайди. Бу ерда гап маҳаллаларнинг нафақат ваколатларини кенгайтириш, балки улардаги кадрларнинг касбий салоҳиятини ошириш, жараёнларни рақамлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳақида бормоқда.
Ривожланган маҳалла — мустаҳкам оила, фаол ёшлар, ижтимоий адолат ва барқарор тараққиёт дегани. Шу маънода, "маҳалла еттилиги"нинг универсал модели давлат дастурлари ва одамларнинг реал эҳтиёжлари ўртасида энг муҳим боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилмоқда.
Шундай қилиб, давлат раҳбари белгилаб берган йўналиш ҳар бир фуқаро давлатнинг ғамхўрлигини ва мамлакат келажагига дахлдорлигини ҳис қиладиган аҳил, масъулиятли ва барқарор жамиятни шакллантиришга қаратилган. Маҳаллаларни ривожлантириш бир марталик чора эмас, балки Ўзбекистоннинг барқарорлиги, фаровонлиги ва равнақи йўлидаги стратегик танловдир.
Белгиланган вазифалар расмий ёндашувни эмас, балки ҳокимиятнинг барча даражаларида чуқур ва тизимли ишлашни талаб қилади. Ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, жараённинг барча иштирокчилари ваколатларини аниқ чегаралаш ва масъулиятини оширишга қаратилган фаол қонун ижодкорлиги фаолиятисиз маҳалла институтини ривожлантириш мумкин эмас. Бу борада нафақат қонунлар қабул қилинишини, балки жойларда уларнинг ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини таъминловчи институт сифатида парламент алоҳида ўрин тутади.
Биз, ЎзХДП аъзолари ишончимиз комилки, Президент томонидан белгилаб берилган ташаббусларни муваффақиятли амалга оширишнинг асосий шарти аҳоли билан доимий ва жонли мулоқот бўлиб қолмоқда. Айнан фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш, маҳаллаларда бевосита учрашувлар ўтказиш, одамларнинг мурожаат ва таклифларини ўрганиш орқали жамиятнинг реал муаммолари ва кутаётган натижалари ҳақида холис тасаввур шаклланади. Бундай мулоқот қабул қилинаётган қарорларни аниқ мазмун билан тўлдириш, уларни оилалар ва фуқароларнинг реал эҳтиёжларига йўналтириш имконини беради.
2026 йилнинг “Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши — бу қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият, ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қиладиган стратегик қадамдир. Ишонч, масъулият ва ҳамжиҳатлик бор жойда аҳил жамият шаклланади, маҳалла эса бу жараёнда асосий бўғин вазифасини бажаради.
Чуқур ўйланган қонунчилик базаси, таъсирчан парламент назорати ва халқ билан доимий мулоқот билан мустаҳкамланган "маҳалла еттилиги"нинг универсал модели барқарор ривожланишнинг самарали воситасига айланиши мумкин. Айнан шундай ёндашув белгиланган вазифаларни реал натижаларга айлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва мамлакатда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Ирина ТОКАРЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.