Ўзбекистон Халқ демократик партияси эҳтиёжманд аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий мажбуриятларини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш тамойилларига таянади.
Фракциямизнинг бугунги йиғилишида муҳокама қилинган ҳар бир масала юзасидан партия принциплардан келиб чиққан ҳолда, позиция билдирилди. Даставвал йиғилишда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” доирасида амалга оширилиши бўйича ҳисоботи муҳокама этилди.
Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ҳажми 107,7 фоизга ошиб, 147,1 млрд АҚШ долларига етган. ЯИМ таркибида саноат 106,8, қурилиш 114,0, хизматлар 108,5, қишлоқ хўжалиги эса 104,4 фоизга ўсган. Республикада яратилган ялпи ички маҳсулот ҳажми 1 849,7 трлн сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 314,2 трлн сўмга кўпайган.
Депутатлар Давлат дастури ижросини муҳокама қилиш жараёнида ўз электорати манфаатлари ҳимоясига қаратилган йўналишларга алоҳида урғу беришди. Жумладан, ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар 180,3 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,2 фоизга кўпайгани эътироф этилди.
Фракциямиз аъзоси Дилбар Мамаджанова бугунги кунда мактаб ёшига етган ногиронлиги бор болаларнинг 82 фоизи таълим жараёнларига қамраб олинганини қайд этиб, қолган 18 фоиз (22 329 нафар) болани ҳам таълим жараёнларига қамраб олиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қандай ишлар қилаётгани ҳақида маълумот сўради.
Вазирлик масъулининг айтишича, ҳозирда 15 минга яқин ногиронлиги бор болажонлар уйда таълим олмоқда. Вазирлик уйда таълим олаётган болалар учун “uydatalim.uz” платформасини ишлаб чиқиб, уни янада такомиллаштираётганини, натижада онлайн ментор ва дарс жараёнлари мониторингини олиб бориш йўлга қўйилаётганини маълум қилди.
Халқ вакиллари Дастур ижроси бўйича соғлиқни сақлаш, мактабгача таълимга қамров кўрсатгичлари, бандлик ва камбағаллик йўналишларида амалга оширилган ишлар, якунига етмай қолган масалалар бўйича масъулларга саволлар билан мурожаат қилишди. Узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг фракция ҳисобот лойиҳасини маъқуллади.
Шу куни йиғилишда депутатлар бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Болалар омбудсманининг) 2025 йилдаги бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси билан танишишди.
Маърузада айтилишича, 2025 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 1934 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 2024 йилга нисбатан солиштирганда, мурожаатлар салмоғи 84 фоизга ошган.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри (470 та), Сурхондарё вилояти (254 та) ҳамда Тошкент вилояти (236 та) энг кам мурожаатлар Сирдарё вилояти (32 та) ва Навоий вилоятидан (39 та) келиб тушган.
Маърузани тинглаган депутатларимиз мазкур институт жамиятимиз учун нисбатан янги экани, унинг фаолияти босқичма-босқич ривожланиб боришини таъкидлашди. Бола ҳуқуқларининг бузилиши ёки чекланиши ҳолатлари билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, уларнинг манфаатларини таъминлаш борасида институт кўраётган чоралар эътироф этилди.
Фракциямиз вакиллари айрим ҳолатларда болалар ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, зўравонлик қурбони бўлган болаларни тизимли муҳофаза қилиш масаласида муаммолар ҳанузгача сақланиб қолаётгани, уларнинг ечимлари бўйича таъсирчан чоралар кўриш зарурлигини алоҳида қайд этишди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси барча болалар тенг ҳуқуқлилиги билан бирга тенг имкониятларга эга бўлиши, эҳтиёжманд болалар ҳимояси давлат томонидан кафолатланиши лозим, деган қатъий позиция билдирган ҳолда маърузани маъқуллашди.