Ижтимоий ҳимоя тизимидаги электрон мурожаатлар ҳолати таҳлил қилинди

 

Халқ демократик партиясининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан кам таъминланган оилаларни аниқлаш механизмларининг амалдаги ҳолати, ижтимоий нафақаларни тайинлашда электрон тизимлардан фойдаланиш самарадорлигига бағишланган жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Бердибек Сейтназаров кириш сўзи билан очиб берди.

Шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Ҳалилла Ешимбетов сўзга чиқиб, жамоатчилик эшитувининг асосий мақсад ва вазифаларига ҳамда шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида олиб борилган ўрганишлар натижаларига алоҳида тўхталди.

Ҳозирги кунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан 115 турдаги хизматлар кўрсатилиб келинмоқда. Ҳудудда 54 237 фуқаро Ижтимоий реестрга киритилган, 70 минг ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олиниб, ижтимоий хизматлардан фойдаланиб келмоқдалар.

Маълумотларга қараганда, 2025 йил давомида кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш учун тақдим этилган жами 237 332 аризалар белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши таъминланган.

Фуқаролар томонидан болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун масофадан электрон шаклда ариза билан мурожаат қилиш жорий этилиши натижасида, вақт ва маблағларнинг тежалишига, инсон омилисиз нафақа тайинланиши бўйича ишончнинг ортишига эришилди.

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш жараёнининг автоматлаштирилиши натижасида инсон омили иштироки кескин камайган. Электрон тизимдан фойдалана олмайдиган тоифадаги оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш бўйича маҳаллаларда хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлар томонидан аризаларини планшет орқали электрон қабул қилиш ташкил қилинган.

Жойлардаги ўрганиш жараёнларида мана шу йўналишдаги ишларни самарали олиб бориш ҳақида мурожаатлар тушди. Айниқса, ахборот алмашиш инфратузилмаси ривожланмаган ҳудудларда эҳтиёжманд оилалар билан бевосита мулоқот асосида ишлаш жуда муҳим.

Жамоатчилик эшитуви тадбирида мурожаатлар қандай шаклда ва тартибда берилишидан қатъий назар, тезкор равишда манзилли кўриб чиқилиши лозимлиги таъкидланди. Халқ демократик партияси депутатлари депутатлик назоратини амалга оширишда мана шу принципга суяниши билдирилди.

Фуқароларнинг аризаларига асосан болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун электрон шаклда ариза топширишда бюрократик тўсиқлар камайди, яъни қоғозбозлик йўқ бўлди. Шунингдек, болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш бўйича қарор қабул қилиш муддати камайди. Албатта, бу борада ҳудудлардаги мутасадди ходимлар катта масъулият ва фаоллик билан ишлаши талаб этилади.

Эшитувда яна бир муҳим масалага эътибор қаратилди. Бу – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқармаси билан бирга партиямиз электорати вакилларининг ҳуқуқий ва ахборот технологияларидан хабардорлигини ошириб бориш масаласидир. Ҳозир уйдан чиқмасдан ёки ишидан, машғулотидан узилмасдан, йўлларга чиқиб, овора бўлмасдан, электрон платформалар орқали мурожаат йўллаш ва масалаларни ҳал қилиш мумкин, қулайликлар кўп. Лекин ўрганишларда аҳолимиз бу янгиликлардан унча хабардор эмаслигини кўрсатди. Хабардорликни, илғор тажрибаларга интилишни ҳамкорликда кучайтиришга келишиб олинди. Чунки партиямиз электорати манфаатлари ҳимояси учун бу муҳим масаладир.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш