Сайлов округидаги сайловчилар билан учрашувлар ва ўрганишлар қонун ижодкорлиги фаолияти ҳамда парламент назорат тадбирларини амалга ошириш учун асос бўлади. Бу галги учрашувлар, ўрганишлар, тарғибот тадбирлари ҳам самарали кечди.
Дастлаб, Денов туманидаги камбағаллик даражаси юқори бўлган оғир тоифадаги “Янги Хазарбоғ”, “Жаматак” маҳаллаларида бўлиб амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг йўналишлар кесимида ижро этилиш ҳолати ўрганилди, аҳоли хонадонларида бўлинди.
Шунингдек, жорий йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмани ривожлантириш дастурининг ижроси бўйича тумандаги 68 ва 27-сонли мактабларнинг реконструкция қилиш ишлари билан бевосита танишилди. Пудратчи, лойиҳачи, буюртма берувчилар билан суҳбат ўтказилиб, қурилишни ўз муддатида ва сифатли тарзда амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.
“Денов-агро стар” МЧЖ фаолияти билан танишиш асносида, корхона томонидан ерёнғоқ ва лимончилик йўналиши бўйича аҳолига илмий ёндошув асосида уруғлик ва лимон кўчатлари етказиб бериш, замонавий иссиқхона ва совутгич ташкил этиш, шунингдек, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилаётган бўлиб, 55 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Муҳими ушбу корхонада томорқа хўжалигини юритувчи аҳоли учун замонавий ўқув хоналари ташкил этилиб, тажрибали мутахассислар томонидан ўқувлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, тумандаги 6-сон техникуми фаолияти билан танишилганида билим юртининг ўқув ишлаб чиқариш устахонаси таъмирталаб эканлиги маълум бўлди.
«Янги Ўзбекистон қиёфасидаги» мақоми берилган Денов туманидаги Буюк ипак йўли маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди ҳамда “маҳалла етилиги” билан атрофлича суҳбат олиб борилиб бир қатор таклифлар олинди.
Ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида сайлов округида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳолининг кундалик ҳаётига ва ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир қиладиган лойиҳалар сайловчиларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда ўрганилди.
Тумандаги “Қизилжар” маҳалласида аҳоли мурожаатлари тингланди, хусусан маҳалла фаоллари, нуронийлар томонидан ички йўлларни таъмирлаш, электр энергия таъминоти ва оқава сув муаммоси, пиёдалар йўлакчасини қуриш, асосий йўлда светофор ўрнатиш орқали чорраҳани тартибга солиш каби масаалалр юзасидан мурожаатлар қилинди, айримлари жойида ҳал этилди.
Шу билан бирга, 44-мактаб, 49-мактабгача таълим ташкилоти, 270-сонли оилавий мактабгча таълим ташкилоти фаолияти ўрганилди.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, маҳалла еттилиги ва аҳоли билан учрашувларда коррупцияга қарши курашиш ва бу борада қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, қуйи палата муҳокамасида бўлган қонун лойиҳалари мазмун-моҳияти тарғибот қилинди.
Ўрганилган масалаларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан депутатлик назорати ўрнатилди, Республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар ва таклифларни ўрганиб чиқиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси