Ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш имконияти ошмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида давлат ва жамият тараққиётига хизмат қиладиган бир қатор масалалар муҳокама этилди.

Кун тартибида биринчи бўлиб Ташаббусли бюджет жараёнларида депутатларнинг бевосита иштироки, фракция аъзоларининг танлови билан амалга оширилиши кутилаётган ижтимоий лойиҳалар аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Ташаббусли бюджет” учун ажратиладиган маблағлар кўлами янада кўпайтирилиб, бу жараёнда Қонунчилик палатаси депутатларининг иштироки ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш белгиланган.

Унга кўра, депутатлар ўз сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан бир йилда иккита лойиҳани танлаб, ғолиб деб топади. “Очиқ бюджет” ахборот порталида депутатлар танлови учун алоҳида бўлим очилган ва депутатларнинг танловни амалга ошириши аҳолига кўриниб туради.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари энг мақбул лойиҳаларни жойларга чиқиб, аҳоли вакиллари билан кенг қамровли мулоқотлар ўтказиш орқали танлашга эътибор қаратди. Ғолиб бўлмаган лойиҳаларнинг долзарблиги, аҳоли учун қай даражада аҳамиятли экани ҳар томонлама ўрганилди.

Фракция раҳбари У.Иноятовнинг қайд этишича, давлатимиз раҳбарининг ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш, депутатлар ва сайловчилар, айниқса, электорат вакиллари орасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қарори катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлмоқда. Ушбу ташаббус орқали республика бўйича ижтимоий қиймати юқори бўлган, халқимиз орзиқиб кутаётган 300 та қўшимча лойиҳани амалга ошириш имконияти очилади.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари сайлов округларидаги фаолияти давомида турли лойиҳалар билан бевосита танишиб, электорат вакилларининг фикр-мулоҳазалари асосида қатор лойиҳаларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватламоқда.

Хусусан, маълумотларга кўра, таълим муассасаларини таъмирлаш, қўшимча бинолар қуриш ёки реконструкция қилиш бўйича 10 та, йўлларни таъмирлаш бўйича 7 та, ирригация ва сув тармоқларини таъмирлаш бўйича 3 та, жами 20 та ижтимоий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Депутат Ш.Назаров лойиҳалар ҳудудларда иш билан таъминлаш имкониятларини оширишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Шунинг учун Қашқадарё вилоятидаги Кўкдала касб-ҳунар техникуми устахонасининг моддий-техник базасини янгилаш лойиҳасига овоз берганини билдирди. Техникумда назарий билимлар берилгани билан касб-ҳунар ўргатишга хизмат қиладиган асбоб-ускуналар бўлмаса, таълим сифати кутилганидек бўлмайди, бу кейинчалик ёшларнинг бандлик имкониятларига салбий таъсир қилади.

Шу билан бирга, ушбу лойиҳада маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳам иштирокини таъминлаш таклифи берилди.

Мажлисда кун тартиби бўйича “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Фракция позициясига кўра, лойиҳадаги идоравий ҳужжатлар билан боғлиқ меъёрларни ҳар томонлама такомиллаштириш зарур.

Депутатлар томонидан кейинги муҳокама этилган масала биринчи ўқишдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди. Лойиҳага кўра, тадбиркорлар ва аҳолининг суғурта бозорига бўлган ишончини ошириш ҳамда суғурта хизматларини оммалаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий соҳадаги рекламаларни амалга оширишда мутасаддиларнинг масъулияти оширилиши назарда тутилмоқда.

Фракция аъзоси О.Иминовнинг фикрича, аҳоли ўртасида суғуртага бўлган ишончи ҳали баланд эмас, шунинг учун ҳам битта қонун лойиҳасидаги битта ўзгартириш билан аҳолининг ижтимоий саводхонлигини ошириш мумкин эмас. Демак, бошқа алоқадор қонунларда ҳам ўзгартиришларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади. Депутат И.Токаревага кўра, қонун лойиҳасининг ҳамма бандлари мамлакатнинг ички ривожланиш қонуниятлари билан мос бўлиши муҳим. Қонун лойиҳаси биринчи ва иккинчи ўқишда маъқулланди.

Йиғилишда кўрилган барча масалаларда аввало партиянинг сиёсий мақсади ва электорати манфаатларини ҳимоя қилиш позицияси устувор бўлди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш