Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларида аҳоли учун малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни ўз олдига аниқ вазифа қилиб қўйган. Шу сабабдан партия соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда амалга оширилиши белгиланган ишларни ҳудудлардаги ижроси бўйича изчил ўрганиш ва таҳлиллар олиб бормоқда.
2025 йил 1 июлдан бошлаб айрим туманларда синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини энг илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, соҳага янги бошқарув тамойилларини жорий қилиш бошланган эди.
Партиянинг Сурхондарё вилояти Кенгаши масъуллари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Денов туманида тажриба-синов тариқасида жорий қилинган янги модел асосида амалга оширилаётган ишлар, унинг самарадорлиги ва одамлар ҳаётига таъсири ўрганилиб, мутасадди идора ва ташкилотлар иштирокида ўтказилган жамоатчилик эшитувида муҳокама қилинди.
Ўрганишларга кўра, бугунги кунда Денов туманида жами 33 та оилавий поликлиникалар мавжуд. Барча оилавий поликлиникалар умумий 480 954 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Туманда ташкил этилган 147 та тиббий бригадаларнинг барчаси тўлиқ фаолият юритиб келмоқда.
Денов тумани Соғлиқни сақлаш бўлимида тизим тўлиқ рақамлаштирилгани, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшилангани, тиббиёт ходимларининг билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш борасида янгича ёндашувлар жорий қилингани қайд этилди.
Шунга қарамай айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланган. Жумладан, оилавий поликлиникалар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланмаганлиги, мурожаат ва шикоятлар таҳлил қилинганда аҳолининг тиббий хизматлардан қониқиши етарли даражада эмаслиги, шунингдек, диагностика ва даволаш учун зарур жиҳозлар – компьютер, планшет, принтер, электрон рецепт чиқарувчи қурилмалар етишмовчилиги, аҳолини электрон рўйхатга олиш, электрон йўлланма бериш ва электрон тиббий карта тизимларига ўтиш тўлиқ якунланмагани аниқланган.
Бундан ташқари тумандаги барча оилавий поликлиникаларда оилавий шифокорлар етишмовчилиги мавжуд.
Ўрганишлар давомида туман аҳолисини зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминланганлик ҳолатига ҳам эътибор қаратилган. Муассасада асосий дори воситалари тўлиқ мавжуд эмас ва узлуксизлиги ҳам таъминланмаган. Бирламчи тиббиёт муассасаларида беморнинг дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қоплаш ва дори-дармон захираси етарли эмаслиги аниқланган.
Муҳокамаларда аниқланган муаммоларни тез ва самарали бартараф этиш учун масъул идораларнинг вакиллари билан фикр-мулоҳазалар алмашилиб, таклифлар шакллантирилди.
Эшитувда партия фаоллари, депутатлар ва мутасаддилар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш йўлида янги моделни тўлиқ татбиқ этиш, унинг самарадорлигини янада ошириш учун ҳамкорликда ишлашга келишиб олишди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг янада сифатли ва манзилли бўлишида жамоатчилик назорати муҳим, деб билади.
Шунинг учун мазкур йўналишдаги ишлар ижросини доимий ўрганиб, ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб боради.