Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қарши шаҳрида “Аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг амалий механизмлари” мавзусида амалий ўқув-семинар ўтказди.
Унда фуқаролар мурожаатларини самарали ҳал қилиш, аҳоли кўтараётган тизимли муаммоларни мутасадди идоралар билан ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда қисқа муддатларда бартараф этиш, бу борада ҳисобдорликни ошириш масалалари ҳақида таҳлилий фикр алмашилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари Қарши шаҳрида Халқ қабулхоналарига тушган мурожаатларга тез ва натижали ечим топиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳокимлик ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарларининг ахборотларини тинглади.
Таҳлиллар кўрсатишича, Қарши шаҳридаги ўтган йилги 11 мингга яқин мурожаатларда кўтарилган қатор оилавий ижтимоий муаммоларнинг асосий сабаби барқарор даромад манбаига эга эмаслик, иш топишдаги мураккабликлар ва ишончли касб-ҳунарнинг йўқлиги билан боғлиқ бўлмоқда.
Шунинг учун ҳокимлик масъул ташкилотлар билан биргаликда ишлаб, ишсизларни ҳудуддаги саноат ва сервис корхоналаридаги вакант ўринларга жойлаштириш, хорижда ишлаш истагида бўлганлар билан уч томонлама шартнома тузиб, уларни касб ва тилга ўргатиб, юқори даромадли ишга юбориш чораларини кўраётгани маълум қилинди.
Амалий семинарда соҳалар кесимида мурожаатларни ўрганиш ва ҳал қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Маълум қилинишича, Қарши шаҳридаги 35 минг хонадонли 930 та кўп қаватли уйларга 40 та бошқарув-сервис компанияси хизмат кўрсатади. Компаниялар хизматидан қониқмасдан норози бўлиб юборилган шикоятлар сони кўпайган. Энг кўп мурожаат тушган маҳаллаларда аҳоли ва бошқарув компаниялари билан учрашувлар ўтказилаётгани, муаммоларни ҳал қилишда бевосита мулоқотнинг ҳаётий аҳамиятга эга экани амалий мисоллар билан кўрсатиб берилди.
Фуқароларнинг муаммоларини фақат қайд этиш эмас, балки уларни чуқур ўрганиб, амалий ечимлар топишда маҳаллий депутатларнинг муҳим ўрни, мустаҳкам позицияси бўлиши зарур. Мурожаатлар тизимли таҳлил қилиниб, комплекс чоралар белгиланиши, айниқса, Халқ демократик партияси учун долзарб аҳамиятга эга. Нимага деганда, бандлик, ишга жойлашиш, қонуний имтиёзлардан фойдаланиш масалалари барча ҳудудларда ва соҳаларда тўғри йўлга қўйилса, бир-бирига ўхшаш ва такрор мурожаатлар сони кескин камаяди.
Бугунги кунда Қашқадарё вилоятидаги Кенгашларда Халқ демократик партиясининг 92 нафар депутати 16 та партия гуруҳига бирлашиб фаолият олиб бормоқда. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларни ўрганиш ва ечим топишда улар муҳим бўғинга айланиши лозимлиги қайд этилди.
Партия Жамоатчилик қабулхоналарига фуқаролардан тушган 871 та мурожаатнинг 85 фоизи масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилган бўлса-да, муаммоларни тизимли таҳлил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Депутатлар мурожаатларни “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тартибида ўрганаётгани, уларни ҳал этиш мақсадида мутасадди ташкилотларга депутатлик мурожаати ва сўрови юбораётгани, бу борада амалий натижаларни кўпайтириш юзасидан тавсиялар берилди. Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий масалалар бўйича реал ҳолатни таҳлил қилиш асосида сессияларга таклифлар тайёрлаш механизмлари кўрсатиб ўтилди.
Мурожаатларни эшитиш амалиётидаги янги ўзгаришлар нафақат мурожаатларни қабул қилиш, уларни тизимли ҳал этиш, балки шу орқали ҳақиқий ҳолатни тушуниш, масъул идоралар ҳамда раҳбарларнинг ҳисобдорлигини ошириш имконини ҳам беради.
Депутатлар мурожаатларни ўрганиш ва ечим топиш жараёнида турли мутасадди идоралар вакиллари билан изчил ҳамкорлик қилиши, ўрни келганда, партия электоратининг қонуний манфаатлари ҳимояси учун позиция кўрсатиши зарурлиги, мурожаатни масъул ташкилотга йўналтириб қўйиш билан чекланиш бугунги кун депутатига ярашмаслиги таъкидланди.
Фуқаролардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат билан тизимли ишлаш Халқ демократик партиясининг сўл қанот сифатидаги позициясини янада мустаҳкамлашда, маҳаллий давлат идораларининг қонунлар ижроси бўйича, халқимиз, фуқаролар олдида ҳисобдорлиги бўйича масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.