Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзоси Муқаддас Ўразалиева Жиззах вилоятида бўлиб сайловчилар билан очиқ мулоқотлар, ижтимоий соҳа объектларида ўрганишлар олиб бормоқда.
Хусусан, депутатимиз Зарбдор туманидаги 1 ва 2-сон давлат мактабгача таълим ташкилотларига бориб, муассасаларда яратилган шароитлар, тарбияланувчиларнинг овқатланиш жараёни, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш ҳолати, санитария-гигиена талаблари ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини кўздан кечирди.
Ўрганиш жараёнида 1-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида олиб борилаётган ишлар ва яратилган шарт-шароитлар ижобий баҳоланди. Лекин 2-сонли муассасада эса озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва фойдаланишда санитария талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани, шунингдек, айрим хавфсизлик қоидалари бузилганлиги аниқланди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берилиб, уларни қисқа муддатларда бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг депутатимиз “Ойбек” маҳалласидаги аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида фуқаролар томонидан ноқонуний қурилмалар масаласида, қолаверса, кўчаларни ёритиш тизимини яхшилаш ҳамда ичимлик суви таъминотидаги узилишлар бўйича мурожаатлар билдирилди.
Депутатимиз ҳар бир мурожаатни ҳал этиш учун тегишли мутасаддилар билан боғланиб, уларнинг ечими борасида фикр алмашишди. Кўтарилган масалалар юзасидан депутатлик назорати ўрнатилганини билдирди.