Камбағалликни қисқартиришнинг янги босқичи
Камбағалликни қисқартиришнинг янги босқичи

 

Бугун камбағалликни қисқартириш масаласига муносабат тубдан ўзгармоқда. Энди асосий эътибор аҳолига фақат ижтимоий ёрдам кўрсатишга эмас, балки ҳар бир оиланинг ўз меҳнати, ташаббуси ва имконияти орқали барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун зарур шароитларни яратишга қаратилмоқда.

Президентимиз раислигида ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш ана шу йўналишда янги босқични бошлаб берди.

Унда тадбиркорлар ва аҳоли учун кўплаб янги имконият ва имтиёзлар белгиланди. Бу чоралар одамларнинг даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Ушбу имкониятлардан тўғри ва самарали фойдаланилса, кўзланган натижаларга эришиш мумкин.

Эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш бўйича асосий масъулият туман ва маҳалла даражасига туширилмоқда. Бу эса ҳар бир ҳудуддаги имкониятни жойида аниқлаб, ундан самарали фойдаланишни талаб этади. Ҳудудларда эса бунинг учун имкониятлар бор. Масалан, давлат банклари балансидаги қарийб 10 триллион сўмлик мол-мулкни самарали ишга тушириш орқали 40 мингтагача иш ўрнини тиклаш мумкин.

Тадбиркорлик учун давлат томонидан бизнес вакиллари ижтимоий масъулиятни бўйнига олиши эвазига уларга жуда катта имтиёзлар тақдим этилмоқда. Хусусан, ижтимоий солиқнинг 6 баробарга камайтирилиши, Қишлоқ жойларида эҳтиёжманд оила аъзоларини ишга қабул қилган корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 2 фоизгача туширилгани тадбиркорларнинг харажатларини сезиларли даражада камайтиради ва уларни янги иш ўринлари яратишга рағбатлантиради.

Тадбиркорлар учун ер майдонларидан фойдаланиш бўйича ҳам янги имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, камбағал оилалар фарзандларини бепул ўқитиш ташаббусини ўз зиммасига олган тадбиркорларга мактаб, боғча ва техникумлар қуриш учун ер участкалари аукционга атиги 1 миллион сўм бошланғич нархда чиқарилади. Бу аввало, камбағал оилалар фарзандларининг сифатли таълим олиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Фуқароларнинг ўз маҳалласида, уйидан узоқлашмаган ҳолда даромад топиши учун қулай шароитлар яратилаётгани ҳам эътиборга моликдир. Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги хонадонларни расмий равишда "нотурар жой" тоифасига ўтказишдаги узоқ ва ортиқча бюрократик тўсиқлар бекор қилинмоқда. Эндиликда фуқаролар фақатгина тегишли идораларни хабардор қилган ҳолда, ўз уйининг биринчи қаватида сартарошхона, гўзаллик салони, дўкон ёки устахона очиб, оилавий бизнесни йўлга қўйишлари мумкин.

Аҳолининг ўз маҳалласида, уйидан узоқлашмасдан туриб даромад топиши учун яратилаётган янги имкониятлар айниқса, аҳамиятлидир. Энди кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги хонадондан тадбиркорлик мақсадида фойдаланиш учун ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқлар қисқартирилади. Фуқаро тегишли идораларни хабардор қилган ҳолда ўз уйида сартарошхона, гўзаллик салони, дўкон, устахона ёки бошқа хизмат кўрсатиш нуқтасини ташкил этиши мумкин бўлади. Бу орқали одамлар иш излаб узоққа бормайди, аксинча, ўз маҳалласида иш бошлаб, яхши даромад топади.

"Маҳалла еттилиги" учун ҳам янги бошқарув шароити яратилади. Бошқарув тизимидаги тарқоқликка барҳам бериш мақсадида Маҳалла тизими билан ишлаш бўйича Бош вазир ўринбосари лавозими жорий этилгани маҳалладаги ижрочиларнинг ортиқча мажлисбозликлардан қутилиб, бор эътибори ва вақтини кабинетда эмас, маҳаллага тушиб, ҳар бир оиланинг ҳақиқий аҳволини ўрганишга қаратиши учун шароит яратади.

Ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси одамларнинг турмуш даражаси, оилаларнинг даромади ва эртанги кунга бўлган ишончида намоён бўлади. Белгиланган вазифаларнинг маҳаллабай ва оилабай асосда тўлиқ амалга оширилиши янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва энг муҳими, ҳар бир оиланинг ўз меҳнати билан барқарор фаровонликка эришиши учун мустаҳкам замин яратади.

 

Анваржон НУРМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш