Сеулда Ўзбекистон нафаси
Сеулда Ўзбекистон нафаси

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифини Сеулда яшаётган ўзбек сифатида кузатар эканман, бу ташрифнинг сиёсий аҳамияти билан бир қаторда, унинг инсоний ва маънавий таъсирини ҳам чуқур ҳис қилдим.

Бу ердаги ватандошлар билан учрашув жуда самимий руҳда ўтди. Бугунги кунда Корея Республикасида 110 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилмоқда. Улар орасида 20 мингга яқинини талаба-ёшлар ташкил қилади. Бу ердаги ҳар бир ватандошимиз маълум маънода икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ушбу ташриф доирасида фан, таълим, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект соҳаларида Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича муҳим келишув ва ташаббуслар илгари сурилаётгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбари хорижда билим ва тажриба орттираётган ёшларимизга катта ишонч билдириб, уларни янги билим ва тажрибаси билан Ватан равнақига ҳисса қўшишга чорлагани айниқса аҳамиятли бўлди.

Шу ўринда “Муаллим - муаллим, таълим - таълим” тамойилига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам таълим ва инсон капитали давлат тараққиётининг энг муҳим омили сифатида қаралаётганини кўрсатади.

Бугун икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланмоқда. Келгусида эса сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорти, биофармацевтика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва “ақлли шаҳарлар” каби йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Энг муҳими, бу ҳамкорликнинг марказида инсон, унинг билим ва салоҳиятини юксалтириш ғояси турибди.

 

Маржона Қиёмова,

Жанубий Кореянинг Ёнсеи университети магистранти,

Ўзбекистон ХДП ёшлар фаоли.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш