Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига молиявий жарималарни қўллаш тартибини белгилаш, улар устидан шикоят қилиш ва ноқонуний ундирилган маблағларни қайтариш, ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштириш, чиқиндилар билан боғлиқ соҳадаги муносабатларни тартибга солиш бўйича ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритишга қаратилган ва бошқа қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида қонун лойиҳаларининг ижтимоий аҳамияти, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга таъсири ҳамда уларни амалиётга татбиқ этиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Молиявий санкцияларни қўллаш соҳасида ягона ва аниқ ҳуқуқий механизмларни шакллантиришга, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қиладиган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Депутатлар тақдим этилаётган қонун лойиҳасининг айрим меъёрларига эътибор қаратдилар. Жумладан, фракция аъзоси Улуғбек Шерматов молиявий санкция қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар ёки суд қарори тўғрисида тадбиркорларни хабардор қилиш механизмлари қандай ишлашига қизиқди.
Масъуллар суд қарори ёки молиявий санкция ҳақида тадбиркорларни огоҳлантириш механизмлари ҳақида атрофлича маълумот беришди. Шундан сўнг депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқулладилар.
Жараёнда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам депутатлар диққат марказида бўлди.
Ташаббускорларнинг қайд этишича, мамлакатимизда ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш ҳамда чиқиндиларни бошқариш соҳаси 24 йил олдин қабул қилинган “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солиб келинмоқда. Яъни, амалдаги қонунни такомиллаштириш давр тақозосига айланган. Шу жиҳатдан халқ вакиллари лойиҳани синчковлик билан муҳокамадан ўтказишди.
Фракция аъзолари айрим масалаларни кўтаришди. Хусусан, депутат Сайёра Имомова тизимда амалдаги қонуннинг ўзидан ҳам самарали фойдаланилмаганига алоҳида урғу бериб, янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиниши чиқиндилар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда қандай афзалликларга эга экани, ҳудудларда чиқиндиларни йиғиш ҳамда олиб кетиш бўйича қандай дастурлар жорий этилгани, соҳада ижро интизоми масалалари юзасидан батафсил маълумот беришни сўради.
Яна бир депутатимиз Имомназар Турсунов утилизация йиғимлари ва маиший чиқинди тарифларининг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик учун қандай иқтисодий кафолатлар, жумладан, аҳоли тўлов қобилиятининг инобатга олингани, йиғилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, чиқинди полигонларининг бугунги ҳолати, чиқиндиларни ёқиш ва кўмишда экологик хавфсизлик кафолатлари билан қизиқди.
Муҳокамалар давомида фракциямиз аъзоси Анвархон Темиров таклиф этилаётган қонун лойиҳасида аҳоли учун фақатгина мажбуриятлар белгиланаётганига эътироз билдирди. Хусусан, қонун лойиҳасининг асосий тамойиллар қисмида чиқинди ҳосил қилувчилар, яъни аҳолининг жавобгарлиги киритилган, аммо чиқиндиларни олиб чиқиб кетувчи идора ва ташкилотлар ёки уларнинг вакилларига нисбатан қатъий чоралар кўриш ёхуд жавобгарлик кўрсатилмаганига эътибор қаратди.
Депутатлар қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракция аъзоларининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари инобатга олиниши лозимлигини таъкидлашди.
Якунда кун тартибидаги масалалар бўйича Халқ демократик партияси электорати манфаатларидан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.