Самарқанд шаҳрида юқори фаоллик, ўзаро ишончга асосланган руҳда ўтган Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар катта ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эгадир.
Нутқда Ўзбекистонга келган сармоядор маъмурий тартиб-таомилларга вақт сарфламасдан, тезда ўз бизнесини бошлаш имкониятига эга бўлиши лозимлиги, иқтисодиётнинг янги тармоқларини, саноат ва технологиялар жадал ривожланишига хизмат қиладиган йирик марказларни биргаликда шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Кенгаш мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли иқтисодий шерикликнинг стратегик механизмига айланиши лозимлиги таъкидланиб, 2035 йилгача бўлган даврга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Кўриниб турибдики, асосий мақсад илғор ҳамкорлар билан узоқ муддатли стратегик йўналишларни белгилаш ҳисобланади. Иқтисодий ўсиш рақамлардагина эмас, халқимизнинг турмушида ҳам ўз ифодасини топади.
Биринчидан, саноат, транспорт, барқарор энергетика ва бошқа соҳаларга АҚШнинг етакчи компаниялари капиталининг кириб келиши ишлаб чиқариш кўрсаткичларини оширибгина қолмай, балки ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини ҳам тубдан янгилашга хизмат қилади. Энг муҳими, маҳаллий тадбиркорлар ва Миллий тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг ушбу лойиҳаларда шерик сифатида иштирок этиши миллий капитал ва давлат-хусусий шериклик муносабатларини янги сифат босқичига олиб чиқади.
Иккинчидан, хорижий сармоя ва ҳамкорликнинг энг катта қиймати ёшларимизга имконият беришидир. Рақамли ечимлар, сунъий интеллект ва юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳалар малакали ва яхши маош тўланадиган иш ўринларини яратади. Ёшларимиз замонавий билим ва илғор технологияларни ўрганиб, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис бўлиб етишади. Бу эса одамларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун шароитни янада кенгайтиради.
Учинчидан, бундай шериклик фақат бир томонлама бўлмайди. Америка компаниялари ҳам Ўзбекистон билан ишлашдан катта наф кўради. Юртимизда жорий этилаётган «Plug and Play», яъни «уланиб, дарҳол ишлаш» тамойили асосида инвесторларга тайёр лойиҳалар таклиф қилинади ва ортиқча маъмурий тўсиқлар бартараф этилади. Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари, қулай жойлашуви ва иқтидорли ёшлари инсон капитали базасини шакллантиради. Икки томон ҳам манфаатдор бўлган ҳамкорлик барқарор ва узоқ давом этиши маълум.
Тўртинчидан, АҚШ билан 2035 йилгача мўлжалланган стратегик ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилиши ташқи иқтисодий алоқаларимизни кенгайтиради. АҚШ йирик компанияларининг капитали, технологиялари ва тажрибаси кириб келса, ташқи савдо ва сармоя манбаларимиз диверсификациялашган, иқтисодиётимиз эса ташқи таъсирларга барқарор бўлади. Йирик иқтисодий марказлар билан мувозанатли алоқалар кўп векторли ташқи сиёсатимизни кучайтириб, иқтисодий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Турли соҳалардаги яқин ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш жараёнларида фракциямиз фаол иштирок этади.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.