ЎзХДП фракцияси аҳоли маблағлари ҳимояси кучайтирилишини қўллаб-қувватлайди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш, миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари фаолияти ҳамда яйловлардан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Дастлаб йиғилишда партия Сайловолди дастуридан ўрин олган «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ташаббускорларнинг таъкидлашича, лойиҳа биринчи ва иккинчи ўқиш оралиғида қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилган. Унда ахборот субъектлари, ваколатли банк, девелопер, ихтисослашган қурувчи, лойиҳа декларацияси, улушдор ва улушли қурилиш каби қатор тушунчаларга аниқ шарҳ берилган.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар қурилиш соҳасидаги тадбиркорлар ва девелоперлар учун белгиланаётган ҳуқуқий меъёрлар билан бирга, фуқароларнинг уй-жой сотиб олишдаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг маблағлари хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, айрим аниқлаштирувчи саволларни кўтардилар.

Хусусан, фракция аъзолари Анвархон Темиров ва Шарофиддин Назаров қонун лойиҳасининг 41-моддаси иккинчи қисмида келтирилган тартибни енгиллаштириш ва қурилиш ишлари умумий қийматининг кўпи билан 30 фоизини девелопер ва ихтисослашган қурувчининг маблағлари ҳисобидан, камида 70 фоизини эса лойиҳавий молиялаштириш асосида амалга оширишни назарда тутган меъёр юзасидан ўз таклиф ва фикрларини билдиришди.

Бугунги кунда кўп квартирали уйларни қуриш жараёнида битта хонадонни бир нечта фуқаро номига расмийлаштириш ҳолатларининг кўпайгани ёки уй қуриш учун сарфланган маблағнинг қайтариб берилмаслик хавфи кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Депутатимиз Сайёра Имомова айни мана шу каби салбий ҳолатларга қарши муросасиз кураш олиб боришда мазкур қонун лойиҳаси қандай механизмларни ўзида акс эттираётгани билан қизиққан бўлса, фракциямизнинг яна бир аъзоси Дилбар Мамаджонова эса лойиҳа кадастр идораларига қандай мажбуриятлар юклаётганини сўради.

Лойиҳа ташаббускорлари ва масъул қўмитанинг тушунтиришларидан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қўллаб-қувватланди.

Жараёнда «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.

Таклиф этилаётган янги тартибга кўра, яйловлардан фойдаланиш йўналишлари кенгайтирилиб, чорвачиликдан ташқари экотуризм, асаларичилик, доривор ўсимликлар етиштириш каби янги даромадли йўналишларда ҳам фаолият кўрсатишга рухсат берилмоқда. Қолаверса, аҳоли хонадонларининг яйловлардан фойдаланишини қонунийлаштириш мақсадида жамоат яйловлари институти амалиётга татбиқ этилиши белгиланмоқда.

Яъни, янги тизимга кўра, фуқароларга яйлов чиптаси асосида ер майдонларидан бепул фойдаланиш имконияти яратилади. Натижада 627,3 минг гектар майдондаги ерларда 470 та аҳоли яшаш пункти учун жамоат яйловлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, яйловларни рақамли ҳисобга олиш, ҳолатини кузатиш ва назоратида инсон омилини камайтириш мақсадида “E-yaylov” электрон платформаси ишга туширилиши назарда тутилмоқда.

Йиғилишда депутатларимиз миграция хизматлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг суд орқали самарали ҳимоя этилишини таъминлашга оид қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқишди.

Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишлар, бу тизимда шаффофликни таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш чоралари бўйича масъул агентликка парламент сўрови юбориш таклифи маъқулланди.

Якунда кун тартибидаги масалалар бўйича Халқ демократик партияси электорати манфаатларидан келиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш