“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш ташаббуси ҳам шундай эзгу ғоялардан бўлди. Саховат – қўли очиқлик, олий ҳимматлик, сахийликдир деган маъноларни билдиради. Баландҳимматлилик, муҳтожларга ёрдам қўлини узатиш, ҳиммат билан эҳсону иномлар улашишдир. Асосийси, бу инсонпарварлик, одамийликнинг ёрқин намунасидир.
Бугун дунёнинг аксарият мамлакатлари кўринмас бало билан кураш олиб боряпти. Пандемия шаротида ишсизлар, кўмакка ва ёрдамга муҳтож аҳоли сони ошиши табиий, албатта. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари халқимизга хос саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларни инобатга олган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиқди. Айтиш жоизки, бу ташаббус халқимизни янада жипслаштирди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят ташкилотлари ҳамда партиядан сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам бу эзгу ташаббус атрофида бирлашди.
– Аввало, қайси ҳудудда кимга ёрдам қилиниши бўйича манзилли рўйхатлар шакллантирилди. Ногиронлар, боқувчисини йўқотган ёлғиз аёллар ва кексалар, кўп болали оилаларга мурожаат қилишини кутиб ўтирмасдан ижтимоий кўмак етиб боришини эътиборга оляпмиз, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Ўзбекистон Қаҳрамони” Абдумурод Бозоров.
– Вилоятимизда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида қўшилганларнинг сони кундан кунга ошиб бормоқда. Биргина чорвадорларнинг ташаббуси билан бир миллиард икки юз миллион сўмлик 60 тонна гўшт “Саховат ва кўмак” жамғармасига эҳсон қилинди. Партия фаолларини ҳамда партиядан сайланган депутатлар саховат ва кўмакка қурби етадиган тадбиркорлар, фермерларга, кластир хўжаликларига давлат томонидан имтиёз ва преференсиялар берилишини тушунтириш, айни пайтда тадбиркорларнинг бу имтиёзларидан фойдалана олишига амалий ёрдам берилмоқда, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги доимий комиссия раиси, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” Январ Иноятов.
Суҳбатда қатнашган Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшановнинг таъкидлашича, 32798 нафардан ошиқ партия аъзолари ҳамда партиядан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган 118 нафар депутат Президентимиз илгари сурган ташаббус – “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этиш, имконият даражасида бу эзгу ишларга ҳисса қўшишини маълум қилди.
– Куни-кеча партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди, – дейди вилоят партия кенгаши раиси. – Депутатларимиз ҳамда вилоят партия ташкилотлари фаоллари имкониятларига қараб, камида битта эҳтиёжманд оилани ҳомийликка олиш ташаббуси йиғилишда қўллаб-қувватланди. Қашқадарё вилоятида 120 га яқин оғир аҳволга тушиб қолган оила ҳимояга олинади. Бундан ташқари “Саховат ва кўмак” жамғармаси бўлимларидан зарурий истеъмол товарлари ва тиббий маҳсулотларнинг эҳтиёжмандларга манзилли етиб бориш устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилади.
Музаффар Туропов,
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.