Тинчлик бебахо неъмат...
Тинчлик бебахо неъмат...

 

Иккинчи Жаҳон урушининг 75 йиллигига

Иккинчи Жаҳон уруши... Бу уруш биргина ўзбек халқининг бошига тушган офат бўлмай, балки инсоният ҳаёти ва келажагини барбод этиш пайидаги даҳшатли ҳодиса эди.

Юртимизда 1941-1945 йиллардаги фашизм билан бўлган урушнинг даҳшати кириб бормаган бирор бир хонадон бўлмаса керак.

Иккинчи жаҳон уруши жаҳон мамлакатларига жуда катта кўламдаги иқтисодий зарар келтириши билан бирга халқимиз хотирасида абадий муҳрланиб қолган даҳшатли воқеаларни бошимизга солди.

Ўша маъшум урушда ота-боболаримиз келажак авлодни ҳур ва озод юртда эркин ва озод яшамоғи учун ўз бахтларидан, соғлигидан, ҳаттоки жонларидан воз кечганлар.

Жонлардан кечиб қозонилган буюк ғалаба куни мамлакатимизда 9 май –“Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинган. Бу йил Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Шу муносабат билан туманда истиқомат қилаётган уруш фахрийси Салимов Мингиш бобо хонадонига Ўз ХДП Яккабоғ туман кенгаши аъзолари, депутатлари ташриф буюриб, ҳаёт хотиралари билан ўртоқлашдик.

Умрининг энг гуллаган даврини қийинчиликлар ва урушнинг даҳшатли кунлари ичида ўтказишга мажбур бўлган, қимматчилиг-у қаҳатчилик йилларини бошидан ўтказган, ҳозирда кексалик гаштини сураётган отахон тумандаги Хиёбон кишлоғида истиқомат қилмоқда.

Суронли уруш даврларига оид саволларимизга бир пас чуқур ўйга толиб, шундай хотирлай бошлади: —Уруш шундай воқелик-ки, ҳеч бир инсондан яхши ёки ёмонлигини сўраб ўтирмайди. 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши эса қанчадан-қанча йигит-қизларни, ҳаттоки, болажонларни ўз қаърига тортиб кетди, менинг тенгқурларимдан кўпи ё умрларидан ё соғликларидан айрилди, — дейди Мингиш бобо.

У ўша йилларни кўзда ёш, қалбда алам билан эсалаб, бир нуқтадан кўзини олмай, хотираларини давом этди. — Мамлакатнинг кўплаб ёшлари айни гуллаган даврларини жанг майдонларида жон олиб, жон берган, фронт ортида меҳнат қилганлар ҳам тактак нон, арпа нон, баҳорий кўкатлар-у кунжалалардан бўлак озуқа тополмаган. Бироқ, кунда 10-12 соатдан 16-18 соатгача ишлаб, фронт учун лозим бўлган озиқ-овқат, пахта, ҳарбий техникаларни етказмоқ учун меҳнат қилишган.

Бошланғич таълимни охирига етказолмасдан, Қаршига трактор бошқаришни ўргатадиган билим юртини тугалладим. 1942 йил май ойида Қамашида колхоз ишларида ёрдам бериб юрган пайтимда, 20 ёшимда урушга чақирилдим.

Бизни Термиз вокзалидан Калининград вилоятига жўнатишди. Олти ойлик машғулотлардан cўнг пулемётчи бўлиб урушга кирганман. Урушга қўшилганимнинг тўртинчи ойи, душман билан ҳаёт мамот жангини олиб борардик. Мен кунларнинг бирида навбатчилик қилаётган эддим. Ярим кечаси қўқисдан, фашист жангчилари ҳаво хужумидан зарба берди. Биз ҳимояга ўтиш мақсадида ертўлага чопдик. У ерда икки юз, уч юз аскар қўним топган эди. Ҳарбий ертўламиз ўққа тутди. Ичкарироққа югуриб кетаётган чоғим, нима бўлганлигини англолмай, хушумдан кетдим. Кўзимни очсам, тиббий шифохонада эканман. Кейин билсам, уч кун мобайнида ер остида қолганман.Ўлик йиғувчилар топиб олишган экан. Бошимдан жароҳат олганман. Шифокорлар осколкадан кучли яраланган деган ташҳис кўйишди. Уч ойлик даволанишдан сўнг, мутахассислигимни билишиб, 110-ротага тракторчи килиб олишди. Биз ротамиз билан Пруссия ерларигача борганмиз, — дейди Мингиш бобо.

Бобо, хўрсиниб, йиғи аралаш, воқеаларни сўзлар экан, уруш ҳаётининг энг бахтли дамларини ўғирлаганлигини айтади. — Уруш давомида доим ҳам озуқа мўл бўлмади. Кунлар оч қолган вақтлар ҳам бўлди. Украинанинг бир чекка қишлоғи ёнидан немисларни қувиб ўтаётганимизда картошкани айни пишган вақтига тўғри келган эди. Аскарлар оч қолган бўридай далага ёпирилишди-ю, бироз муддатдан сўнг даланинг анчагина жойини кавлаб ташлашди.

Кавлаб олинган картошкани пиширишга шароит йўқ. Қоринимиз очлигидан, картошкани шинелга артиб-артиб хомлигича тановвул килиб, яна йўлимизда давом этдик.Ўша йиллар оғир жанглар бораётган пайтда озиқ-овқат узилиб қолган қийин вазиятлар жуда кўп бўлган, лекин Ватан учун жанг қилиш, қалкон бўлишдан ортиқ мақсад бўлмаган. Уруш ўз номи билан уруш, авваллари уруш воқеаларини айтиб беришдан чарчамасдик, бирок, ҳозирга келиб, инсонни бардоши етмай қолар экан, — дея бир оз сукутга чўмади...

Ҳозир кўзларим кўрмай қолган, болам, лекин урушнинг машъум кунлари, ваҳшати дийдаларимда қотиб қолган.

Урушдан кейинги қимматчилик ва қаҳатчилик йилларида кишилар озиқ-овқат етишмовчилигидан баҳор ойларида қоқиўт, қоқисерак, туятуппа, чукирилар териб ейишган. Маккажухори пишганидан сўнг поясини сиқиб шира сувини истеъмол қилганмиз.

Ўша унитилмас қора кунларни ҳар гал ёдга олганда мана шундай тинч-осойишта, фаравон мамлакатимизни шунингдек, юртбошимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитларини кўриб яна бир бора шукур қилади.

Сабаби бугун элимиз тинч, нима ҳоҳласанг бозордан топа оласан. Меҳнат қилсанг роҳатига эришасан, — деб сўзларини тугатдилар Мингиш бобо.

Мингиш бобонинг хонадонидан қайтар эканман, тинчликнинг инсон учун нақадар буюк неъмат эканлигига яна бир бора иқрор бўлдим.

Кўзларини бир нуқтага тикканча, қўллари билан пайпаслаб ниманидир қидираётган Мингиш бобо, ўша урушнинг оловли исканжасида "Ватан учун!" дея олға бораётган йигирма ёшли йигитча кўз олдимдан кетмасди...

Ҳа, урушнинг номи ўчсин. Миллионлаб инсонлар қаторида озодлик ва эрк учун фронтга жунаган 5000 дан ошиқ Яккабоғликларнинг тенг ярмидан кўпи ўзга юртларда жонларини қурбон қилишиб, ўз уйларига қайтиш насиб этмаган.

1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини кўриш ҳозирда Мингиш бобо қаторида 2 нафар яккабоғлик уруш фахрийсига насиб этмоқда. Доруламон кунлар ҳаққи замонамизнин тинчлиги ва осойишталиги учун ҳам оталар жасорати абадий ва унутилмасдир.

Н.Элмуродова,

Ўзбекистон ХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси.

← Рўйхатга қайтиш