Ўрол ЎРОЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси:
— Президентимиз парламентга йўллаган Мурожаатномасида депутатлар жойлардаги Халқ қабулхоналарига тушаётган мурожаатларни ўрганиб, ҳал этишга алоҳида эътибор бериши муҳимлигини таъкидланган эди.
Ҳақиқатан ҳам депутатларимиз амалда сайловчилар мурожаатлари билан доимий шуғулланиши, ўз ҳудудида яшаётган аҳолининг муаммоларига ечим топишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши керак. Шунда депутат халққа берган ваъдаси устидан чиқади, аҳоли ишончини оқлайди, меҳрини қозонади.
Халқ демократик партияси депутатлари ҳам сайловчилар томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада аниқ дастур ва “йўл харита”ларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамжиҳатликда муҳокама этишда жойларда фаолият кўрсатаётган Халқ қабулхоналари билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйган.
Шу йилнинг 5 март куни Президентимизнинг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси билан ЎзХДП вилоят кенгаши ўртасида ҳамкорликка оид келишув имзоланди. Шунингдек, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари билан биргаликда давлатимиз раҳбарининг вилоятдаги Халқ қабулхоналарида жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш ва уларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича ўз фаолиятлари юзасидан “йўл харитаси”ни тасдиқлаб олишди.
Жорий йилнинг 16 мартидан 18 майигача бевосита Халқ қабулхоналарига карантин билан боғлиқ 639 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 36 таси озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти билан боғлиқ бўлиб, ҳомийлик ёрдами марказларига ижро учун тақдим этилди. Ўша кунлари мурожаатларнинг 299 таси (88,9 фоизи) ҳамкорликда ҳал этилди. Қолган 37 та шу каби мурожаатларнинг ҳал этилиши назоратга олинган ва ижросини таъминлаш устидан иш олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, карантин давригача ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан келиб тушган 1073 та мурожаатнинг бевосита озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ 624 таси ҳомийлик ёрдами марказларига тақдим этилиб, барчаси ижобий ҳал этилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Халқ қабулхоналарининг ҳудуддаги давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилган.
Масалан, Ғаллаорол тумани Халқ қабулхонаси ташаббуси билан пандемия даврида оғир аҳволга тушиб қолган кам таъминланган, ногиронлиги бор фуқароларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, коммунал тўловларида бўлган қарздорлигини қоплаб бериш мақсадида ҳомийлар ҳисобидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ хайрия жамғармасининг Агробанк Ғаллаорол туман филиалидаги ҳисоб рақамига 2,5 млн. сўм пул маблағи ўтказиб берилган.
Арнасой тумани Чўлқувар ҚФЙда яшовчи фуқаро Латофат Равшанова карантин туфайли озиқ-овқат ва ун маҳсулотлари билан таъминлашда амалий ёрдам беришни сўраган. Ушбу мурожаат асосида унинг хонадонига озиқ-овқат ва ун маҳсулотлари етказиб берилди. Ш. Рашидов тумани Катта қишлоқ маҳалласида яшовчи фуқаро О. Тиркашев ҳам мурожаат қилиб, оиласида карантин туфайли хеч ким ишламаётгани, оила даромади йўқлиги боис озиқ-овқат маҳсулотларига катта эҳтиёж пайдо бўлгани учун ёрдам сўраган. Фуқаронинг хонадонига зудлик билан озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиши таъминланди. Жиззах шаҳар Сайилжой МФЙ Бўстон кўчаси 5 ётоқхонада яшовчи У. Каримова карантин туфайли оилавий шароити оғирлашиб қолгани, озиқ-овқат ва моддий ёрдам кўрсатилишини сўраган. Мурожаат тегишли ташкилотлар билан биргаликда ўрганиб чиқилиб, фуқаронинг хонадонига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди ҳамда 2020 йил 1 майдан моддий ёрдам пули бериш белгиланди.
Фориш тумани Қораобдол ота МФЙда яшовчи А. Ҳимматов мурожаатида маҳалла аҳолисига ун маҳсулоти етказиб берилишида амалий ёрдам сўралган. Мурожаат туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда ўрганилиб, якка тартибдаги тадбиркор Г. Исмоилова томонидан қишлоқ аҳолисига 17 тонна ун етказилди.
Халқ қабулхоналарининг маълумотлари асосида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кўрсатаётган ёрдам доирасида Зарбдор туманидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 81 нафар фуқаронинг электр энергияси ва табиий газдан бўлган қарздорлигини қоплаш учун 13 млн. 300 минг сўмлик ҳомийлик ёрдами уларнинг абонент рақамларига ўтказиб берилган.
Карантин даврида озиқ-овқат, дори-дармонга муҳтож, ўта оғир аҳволга тушиб қолган фуқаролар (оилалар) билан боғлиқ мурожаатлар Карантин даврида хайрия ишларини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Комиссиясига ҳолатнинг ҳаққонийлигини ўрганиш ва белгиланган тартибда ёрдам кўрсатиш учун тақдим этиб борилмоқда. Бундан ташқари, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида Халқ қабулхонаси маълумотномалари асосида (мурожаатлар, сайёр қабуллар, уйма-уй юриш ва ҳ. к) ҳудуддаги энг ночор, ижтимоий аҳволи ўта оғир фуқаролар (оилалар) рўйхати ушбу Комиссияга тақдим этилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 11 май ҳолатига кўра, вилоят бўйича жами 21418 та оилага ёрдам кўрсатилди. Ушбу оилаларга 46237 кг ёғ, 105875 кг ун, 39514 кг шакар, 45017 кг макарон, 4189 кг мол гўшти, 3941 кг товуқ гўшти, 69785 кг картошка, 32914 кг пиёз, 45050 кг гуруч тарқатилди.
Халқ қабулхоналари билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларининг ҳамкорлик фаолияти давом эттирилмоқда. Мақсадимиз, ҳозирги шароитда даромадини йўқотган оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашдан иборат.