Ногиронлиги бор боласини парваришлаётган онани ким ўйлайди? ЎзХДП депутати яна бир оғриқли масалани кўтарди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова партия электорати учун муҳим бўлган яна бир оғриқли масалани кўтариб чиқди:

– Хизмат тақозоси билан оиласида ногиронлиги бор болаларни парвариш қилаётган оналар билан кўп учрашганман. Оиланинг шароити қандай бўлишидан қатъий назар, бу оналарнинг кўзида юрагингизни ўртаб юборар даражада дард, мунгни кўрасиз. Она учун тўққиз ой бағрида кўтариб, тўлғоқ азобларига чидаб дунёга келтирган фарзандида нуқсон борлигини кўришдан ҳам катта азоб бўлмаса керак.

Халқимиз болажон, фарзандида қандай касаллик ёки нуқсон бўлишидан қатъий назар, уни бағрига босади ва аксар ҳолатда оиласида тарбия ва парвариш қилади.

Кўплаб давлатларда бундай оилалар давлат томонидан моддий рағбатлантирилади. Сабаби, ногиронлиги бор болани давлат муассасаларида парвариш қилиш учун анча катта маблағ сарфланиши керак.

Хўш, бизда-чи?.. Ногиронлиги бор бола учун ҳар ойда 460 минг сўм нафақа белгиланган. Она 55 ёшга етгач, унга ижтимоий нафақа (унинг бугунги миқдори 268 минг сўм) ажратилади. Яхши, лекин бу болани парвариш қилаётган она ёки ота меҳнат қобилияти бўла туриб, ишлаш имкони йўқ. Шундай ҳолатда йиллар давомида қаровчи нима эвазига кун кўриши керак? Оилада бир эмас, бир неча ногиронлиги бор болалар ёки ўзини эплай олмайдиган беморларга қараётган юртдошларимизнинг таъминотини ким ўйлайди?

Кўпчилик ҳолатларда оиласида ногиронлиги бор шахслар яшайдиган оилалар камбағаллиги аниқланмоқда. Сабаби жуда чуқур ва маълум.

Шунинг учун Халқ демократик партияси болаликдан ногирон фарзандини ёки биринчи гуруҳ ногирони бўлган оила аъзосини парвариш қилаётган фуқароларимизга ҳам нафақа тайинлаш таклифи билан чиқмоқда. Бу жамиятимизда ижтимоий адолат ўрнатиш йўлида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлади, дейди М.Ворисова.

Қонун лойиҳасига янги меъёр киритиш ҳам, яхши меъёрларни асраб қолиш ҳам бирдек муҳим. Айни кунларда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича Қонунчилик палатасида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Бунга жиддий сабаблар бор.

Аввало, амалдаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 14 йил олдин қабул қилинган бўлиб, унда ногиронликка асосан тиббий тушунча сифатида ёндошилиб, бундай инсонларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш борасида ҳуқуқий асослар етарли акс эттирилмаган.

Янги қонун лойиҳаси халқаро тамойилларга мос равишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, манфаатларини кенг қамровли ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётида бевосита иштирок этиши учун шароитни яратишдек ўта долзарб масалаларни назарда тутади.

Табиийки, бундай муҳим масала депутатлар ўртасида қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқаряпти. 2 июнь куни ўтган Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилаётганда ҳам кескин тортишувлар вужудга келди.

Ногиронлиги бўлган юртдошларимизни манфаатларига хизмат қиладиган янги меъёрларни қонунга киритиш, шу билан бирга, амалиётда бор керакли меъёрларни сақлаб қолиш учун ЎзХДП фракцияси аъзолари қатъий фикрда туриб таклиф бермоқда.

Жумладан, қонун лойиҳасидаги Ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий уй-жойни биринчи навбатда олиш ҳуқуқига эгадир”, деган меъёр чиқариб ташланишига фракция аъзоси Мақсуда Ворисова қарши чиқиб, ушбу меъёрни сақлаб қолиш кераклиги, бу ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоясида муҳим эканини таъкидлади. Меъёр сақлаб қолинди, яъни ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий уй-жойни биринчи навбатда олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмади.

 

 

Шунингдек, қонун лойиҳасидаги Давлат ҳар йили сурдотаржимонлар, сурдопедагоглар, дефектологлар ва логопедларни ўқитади”, деган меъёр “қонунни предмети эмас”, деган важ билан чиқариб ташланишига фракция аъзоси Улуғбек Вафоев кескин равишда қаршилик билдирди. Ушбу меъёрни сақлаб қолиш кераклиги, амалиётда сурдотаржимон ва сурдопедагоглар етишмаётгани, Ўзбекистонда 23 минг нафар кар-соқов бўлса-да, уларга атиги 50 нафар сурдотаржимон хизмат кўрсатиши, бу эса тегишли меъёрлар ва инсонийлик мезонларига тўғри келмаслигини тушунтирди. Маълумотларга кўра, сурдопедагоглар 5 нафарга ҳам бормайди, бу эса ногиронлиги бор юртдошларимизнинг жамиятга фаол интеграциялашувига салбий таъсир кўрсатаётган жиддий омиллардан биридир. Муҳокамалар якунида “Давлат ҳар йили сурдотаржимонлар, сурдопедагоглар, дефектологлар ва логопедларни ўқитади”, деган ҳукуматга вазифа юкловчи меъёр ҳам сақлаб қолинди.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳар томонлама пишиқ, пухта мазмунда қабул қилиниши Халқ демократик партияси учун, энг асосийси, шунга эҳтиёжманд ҳамюртларимиз учун принципиал аҳамиятга эга.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

www.kun.uz

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш