АЁЛЛАР ФАОЛ БЎЛМАСА...

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон тарихи давлат музейида юртимизнинг фаол аёллари, ҳуқуқий ва ижтимоий асослар мавзусида ўтказилган давра суҳбатида фаол хотин-қизлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси Нигора Эшметова йиғилганларни Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами билан табриклаб, истиқлол даврида аёлларимиз учун яратилган кенг имкониятлар, жумладан, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб қабул қилинаётган қонунлар, имзоланаётган фармон ва қарорлар хусусида атрофлича маълумот берди.

— Бугун, муболаға эмас, юртимизнинг барча ҳудудлари, шаҳар-қишлоқлари, маҳалла-кўйларида жадаллик билан олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларига барчамиз гувоҳмиз, — деди у ўз сўзида. — Бундай эзгуликка дахлдор ишлар, айтиш мумкинки, ватандошларимизнинг қалбида ҳам амалга ошмоқда. Демак, бу каби савобли амалларнинг барчаси мустақиллик туфайли рўёбга чиқмоқда.

— Ҳар қандай ютуқ ёки натижага катта меҳнат эвазига эришилади, — деди Тошкент вилояти ихтисослаштирилган стоматика шифохонаси бош шифокори Гулнора Мирсаидова. — Бу, табиийки, ҳаёт қонуни. Масалан, ўзимдан қиёс, илк меҳнат фаолиятимни Тошкент вилояти стоматика шифохонасида оддий шифокорликдан бошлагандим. Амалиёт билан илмни уйғунликда олиб борганлигим боис номзодлик диссертациямни ҳимоя қилдим. Бугунги кунда жамиятдаги фаолликнинг илдизи менинг назаримда оилада ҳам мустаҳкам бўлиши керак. Шу маънода менинг ҳам ан шу миттигина «ватан»да ўз ўрним, қадр-қиммматим бор деб ўйлайман. Вояга етаётган фарзандларимизни она юртимизга садоқатли инсонлар сифатида тарбиялашга ҳаракат қиляпмиз. Қолаверса, сиёсий партиянинг аъзоси бўлибгина қолмай, жамиятдаги хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш борасида ҳам янгиликлар қилишга уриняпман. Ҳар бир ташаббусим ўз самарасини бераётганидан руҳланяпман. Чунки бир аёлга жуда катта нарса керак эмас ҳаётда, асосийси, тинчлик, хотиржамлик бўлса, шунинг ўзи катта давлат-да!

— Ўн тўққиз йилдан буён илм масканида ишлаб келяпман, — дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 20-мактаб директори, фаол аёллар қаноти раиси Шаҳноза Қосимова. — Айни пайтда мактабимизда 60 нафарга яқин хотин-қиз, ўн нафардан ортиқ эркак ўқитувчи фаолият олиб боради. Албатта, катта жамоани бошқариш, ишни тўғри ташкил этиш осон эмас. Бунинг учун билим, атрофдагиларнинг қўллаб-қўвватлаши зарур. Бахтим эса аёлларни қадрлайдиган юртда яшаётганим ва меҳнат қилаётганимда, деб ўйлайман.

Қизғин савол-жавоб, мунозара руҳида кечган давра суҳбатида Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, Тошкент шаҳар «Оила» илмий-амалий маркази раҳбари Фарида Абдураҳимова, халқ депутатлари Юнусобод туман кенгаши депутати, юридик фанлари доктори Гулчеҳра Тўлаганова сўзга чиқиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш