Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ҳамда ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссиясининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Вилоятда мактабгача таълим муассасаларига болаларнинг қамраб олиниши, мактабгача таълим бўлимлари томонидан инновацион ёндашувнинг жорий этилиши ҳамда уларнинг моддий-техник аҳволи, давлат-хусусий шериклик дастурини амалга оширилиши борасидаги ишлар тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, 2016 йилда вилоятда 329 та болалар боғчаси бўлган бўлса, уларда тарбияланувчилар сони 39 минг нафарни ташкил этган. 2019 йилнинг якуни билан мактабгача таълим муассасалари сони 482 тага етди, боғчаларга қамраб олинган болалар сони эса 65 минг 900 нафарга кўпайган. Болалар боғчаларидаги тарбиячилар сони 2016 йилда 2 минг 200 нафар киши бўлган бўлса, 2019 йилнинг якуни билан эса 3 минг 400 кишига етган.
Мажлисда депутатлар вилоятда Мактабгача таълим муассасаларига болаларнинг қамраб олиниши, мактабгача таълим бошқармаси ҳамда бўлимлари томонидан инновацион ёндашувнинг жорий этилиши, уларнинг моддий-техник шароити, давлат-хусусий шериклик дастурини амалга оширилиши борасидаги ишларнинг аҳволи бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.
Соҳада ишловчи 5107 нафар педагог ходимлардан 1860 нафар ёки 36,4 фоизи олий маълумотли кадрлар эканлиги айтиб ўтилди. Ўрта махсус маълумотга эга бўлган 3242 нафар ходимдан иборат бўлиб, бу 63,6 фоизни ташкил этади. Номутахассислар эса 124 нафар ёки 2,4 фоиз.
Соҳа мутахассислари Мактабгача таълим вазирлиги томонидан оилавий телеканалида бериб борилаётган “Саломатлик алифбоси” кўрсатувини кўриб боришлари лозимлиги алоҳида таъкидланди. Соҳага оид “Мактабгача таълим методикаси ва назарияси” журнали чоп этиб келинмоқда.
Тизимда ишловчилар ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиши кераклиги алоҳида уқтириб ўтилди. Мактабгача таълим муассасаларига инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш муҳим вазифа эканлиги қайд этилди. Депутатларнинг бу борадаги таклиф ва мулоҳазалари эшитилди. Давлат-хусусий шериклик дастурини амалга ошириш, боғчаларда ўғил-қизларимиз учун барча шарт-шароитларни яратиш, болаларни қамраб олиш кўрсаткичини ошириш асосий масала эканлиги таъкидланди.
Қўшма мажлисда ваколат доирасига оид масалалар бўйича тавсиявий қарорлар қабул қилинди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.