Давлат рамзлари улуғ ва муқаддасдир
Давлат рамзлари улуғ ва муқаддасдир

 

Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга.

Мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар биримиз учун ифтихор тимсоли ҳисобланади. 

Ватан рамзлари доимо шу қадар улуғ ва муқаддас саналганки, унинг учун одамлар жонларини фидо қилганлар. У кишиларни якдилликка, муштарак мақсад йўлида бирлашишга чорлаган. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Соҳибқирон Амир Темур ҳам ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у бунёд этган улуғ салтанатни дунё тан олди. “Темур тузуклари”да қайд этилишича, ёв устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб ғалаба қозонган амирлар ҳамда сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу эса салтанат рамзлари нечоғли баланд мақом тутганидан далолат беради. 

Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ҳисобланган. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Ўзбекистонимиз истиқлолга эришгач, энг аввало, давлатимиз рамзлари тасдиқланди.

1992 йил 2 июль халқимиз ёдида ўчмас ва қутлуғ саналардан бири бўлиб қолди. Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг Герби тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонуннинг 2-моддасида гербимиз Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвиридан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, гербимиз республикамиз дунёда халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради. У бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ҳамда асло кам бўлмаслигимизни яққол намоён этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, гербимизни эъзозлаш фуқароларда ўзининг қадр-қимматига, ўз мамлакатига ва шахсига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.

Бугун миллий гербимиз давлат идора ҳамда муассасалари, ўқув юртлари биноларида турибди.

Давлатимиз герби тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ -келажагимизга бўлган ишончимиз тимсоли сифатида қолади.

 

Холбек Джалолов,

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш