САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИГА БОҒЛИҚ ЯНГИЛИКЛАР ВА УЛАРГА МУНОСАБАТЛАР
САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИГА БОҒЛИҚ ЯНГИЛИКЛАР ВА УЛАРГА МУНОСАБАТЛАР

ЎзХДП Марказий Кенгашида ўтказилган видеомулоқотда яқинда қабул қилинган Сайлов кодекси бўйича мулоҳаза юритилган эди.

Ушбу масалада партиямиз фаоллари қандай фикрда? Сайловга тайёргарлик кўриш, депутатликка номзод кўрсатишда қанақа таклифлар бор?

 

Ўрал ЎРАЗБОЕВ, Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:

– Айтиш керакки, яқинда қабул қилинган Сайлов кодекси билан миллий сайлов қонунчилигимиз умумэътироф этилган халқаро тамойил ва меъёрларга мос ҳолда янада ривожлантирилди. Сайлов кодексининг қабул қилиниши юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий самараси бўлиши қаторида, миллий сайлов қонунчилигимизни, сайловларни ўтказиш бўйича қарийб 30 йиллик тажрибамизни янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш сари қўйилган катта қадам бўлди.

Кодексда назарда тутилган муҳим янгилик сайловчиларнинг электрон рўйхати билан боғлиқдир. Эндиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади ва сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади. Маълум бўлишича, Марказий сайлов комиссияси мутахассислари сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини яратиш устида анчадан бери иш олиб бормоқдалар. Хусусан, уйма-уй юриб, сайловчилар рўйхатга олинган ва ҳар бир сайловчи турар жой кадастр рақамига бириктирилган.

Бундан мақсад «бир сайловчи – бир овоз» тамойилини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборатдир. Масалан, бирор сайловчи яшаш жойи ўзгарса, доимий рўйхатдан вақтинчалик рўйхатга ўтса, бу сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида ўз аксини топади. Бу сайловчининг фақат бир жойда бир марта овоз беришини таъминлайди.

Шу билан бирга, ушбу электрон тизим орқали сайловчиларга қатор қулайликлар яратилади. Масалан, сайловчи Марказий сайлов комиссияси сайтига кириб паспорт рақамини киритиш орқали ўзининг қайси сайлов участкасига мансуб эканлигини ва сайлов участкаси жойлашган манзилни аниқлаши мумкин бўлади.

Бу йил бўладиган сайловлар муносабати билан партиянинг Жиззах вилоят кенгаши ҳам сайловолди кампаниясига тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлигига ташаббускор номзодлар сараланмоқда. Лекин ҳали номзодларнинг билим ва кўникмасини шакллантириш борасида кўп ишлашимиз лозим. Муносиб номзодларни танлаш ва саралаш бугунги кунда олдимизда турган долзарб масалалардан биридир. Биз, албатта, номзодларни танлашда унинг шахсий фазилатлари билан бир қаторда, аҳоли орасидаги обрўйи қандай эканини ҳам ҳисобга олишимиз муҳим, деб ўйлайман. Ўтган давр мобайнида ўз сайловчилари манфаатларини ҳимоя қила олган, ҳудуд ривожига ҳисса қўша олган, партиямизнинг сайловолди дастурини бажаришда ҳамда электоратимиз манфаатларини ҳимоя этишда фаол бўлган депутатларимизнинг номзодларини яна кўрсатиш мақсадга мувофиқ, менимча.

Олдимиздаги яна бир долзарб вазифалардан бири шуки, сайловда ҳам биринчи марта иштирок этадиган ёшлар оралиғида тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларга янги қабул қилинган Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини тушунтиришда фаол ишлашимиз керак.

Сиёсий жараёнга тайёргарлик ҳақида гап борар экан, аввалги сайловлар натижаларини таҳлил қилишимиз, йўл қўйган хато ва камчиликларимизни қайтармаслигимиз жуда муҳимдир. Шу нуқтаи назардан партиямизнинг Жиззах вилоят кенгаши бир қатор таклифларни илгари сурмоқда.

Аввало, сайлов жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида аҳолини кенг хабардор этиш олдимизда турган муҳим вазифадир. Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодларни ўқитиш, сайлов округлари ва сайлов участкаларига бириктирилган партия кузатувчиларининг билимини янада ошириш учун Давлат ва жамият қурилиши академияси ва бошқа олий ўқув юртларининг малакали ўқитувчилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида режали ўқувлар ўтказиш керак. Сайловолди кампанияси даврида партия томонидан кўрсатилаётган номзодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли реклама ва тарғибот воситаларини марказлашган ҳолда чиқариш ва етказиш, бу масалада ҳудудий кенгашларга амалий кўмак бериш зарур, деб ўйлаймиз.

 

Раҳимберган ЮСУПОВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси:

– Сайлов кодекси жойларда қизғин муҳокама этилаётгани қувонарли. Бу ҳужжат мамлакатимиздаги муҳим сиёсий ислоҳотлардан биридир.

Кодексда сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланди. Бу нима дегани? Шундай хонадонлар борки, уларда касби, сиёсий дунёқараши нуқтаи назаридан оила аъзолари турли партияга аъзо бўлади. Бу жаҳон тажрибасидан маълум одатий ҳолат. Ҳар хил партияда кўрсатилган номзодларни нега қўллаб-қувватлаш мумкин бўлмасин? Аввал сайлов қонунчилигида бу масала йўқ эди. Очиғини айтиш керак, бу тушунарсиз бир ҳолат эди. Айтайлик, бошқа партия аъзоси бўлган фарзанд отаси ёки онаси аъзо бўлган партияни ёки уларнинг номзодини қўллай олмасди. Бу билан гўё уларга қарши бўлар эди. Энди бу ҳолат бартараф этилди.

 Сайлов кодексига халқаро ташкилотлар ва турли демократик институтларнинг тавсиялари ҳам киритилган. Буларга мисол қилиб, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи меъёрларнинг олиб ташланганини айтиш мумкин. Яна халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сони 3 нафардан 5 нафаргача кўпайтирилганини алоҳида эътироф этиш керак.

 Сайлов кодексини йил охирида бўлиб ўтадиган сайловлар жараёнида бевосита ўз тажрибамиздан ўтказамиз. Бунинг учун бугун партиямиз ташкилотлари, фаолларимиз жойларда, аҳоли орасида уни кенг тарғиб қилишлари керак. Ахир ҳар қандай ҳужжат одамлар онгига етиб боргандагина ҳаётий бўлади ва ўз самарасини беради.

 

Робия КАЗИМОВА, ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси:

– Партиядаги кўп йиллик меҳнат фаолиятим давомида республикамизда ўтказилган барча даражадаги сайловларда иштирок этганман.

Ўтган сайловларни кузатиб бориш ва таҳлиллардан хулоса чиқариб шуни айта оламанки, Сайлов кодексининг қабул қилиниши сайловнинг шаффоф ва самарали ўтишига хизмат қилади.

Сайлов кодекси қабул қилинди, ҳужжатлар бир маромга келтирилди, сайловни ўтказиш тартиблари аниқ белгиланди. Хўш, энди биз, сиёсий партия ходимларининг олдида қандай муҳим масалалар устувор бўлиб турибди?

Илгари сайловларда иштирок этиш масаласида сиёсий партияларнинг моддий-техник базаси ачинарли аҳволда эди. Бугун вилоят кенгашлари сайловга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш учун шароит яхшиланди. Шаҳар ва туман партия ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти.

Биз келаётган сайловда бошланғич партия ташкилотларини янада кучайтиришимиз, фаолиятини жонлантиришимиз, энг муҳими, уларни рағбатлантириб боришимиз зарур.

Ҳар бир сайлов округидан номзод кўрсатамиз. Номзодларнинг сайланишлари биринчи навбатда уларнинг дастурлари сайловчилар орасида қай даражада тарғибот қилинишига боғлиқ. Қонунчиликда белгиланган тартибда иш юритсак, вилоят бўйича 1463 нафар ишончли вакилларга, фаол партия аъзоларимизга эҳтиёж сезилади.

Ўтган даврдаги тадбирлар мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, партия электорати бўлган кам таъминланган, ногиронлар ва пенсионерларга моддий кўмак бериш масаласи билан чекланиб қоляпмиз. Тўғри, бу жиҳат ҳам муҳим. Бироқ партиямиз электоратини қийнаётган муаммолар оз эмас. Бизга мамлакатдаги ҳолатни чуқур ва изчил таҳлил қилиб, иқтисодиётни кўтариш бўйича таклифлар бера оладиган номзодлар керак. Одамлар бундай номзодларни сезади ва албатта, қўллаб-қувватлайди.

Бу йил яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим, деб ўйлайман. Яъни, партия электорати, деб биладиганимиз — кар ва соқовлар, кўзи ожизлар, ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг ҳам сайловда фаол иштирок этишига кўмаклашимиз зарур.

Биринчи галда улар сайлов участкаларида номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишиши учун етарли шароитни таъминлашимиз лозим. Сурдо таржималар, брайль ёзувидаги сайлов билан боғлиқ ҳужжатларни ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши муҳим, деб ўйлайман.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш