Ўзбекистон халқ демократик партияси – менинг партиям!
Ўзбекистон халқ демократик партияси – менинг партиям!

Жавлонбек АБДУЛЛАЕВ, Наманган давлат университети талабаси:

— Яқинда бир очиқ мулоқотда қатнашдим. Иштирокчиларнинг аксарият қисми педагоглар, маҳалла раислари, бир қатор ижтимоий ташкилотлар вакилларидан иборат бўлган даврада долзарб мавзуларда яхши фикрлар айтилди.

Бу ерда бир ҳолат диққатимни оширди. Гап шундаки, мавзу айланиб-айланиб жисмонан камчилиги бўлса-да, кўп нарсаларга улгураётган ёшлар ҳақида кетганда, педагоглар, ижтимоий соҳа вакилларининг аксарияти "Ногирон" деган сўзни таъсирли, ачинганнамо оҳангда тилга олишди.

Хўш, "ногирон" аслида ким?

Шу ўринда ёзувчи Тоҳир Маликнинг фикрларини эслаб, хаёлимда чарх ураётган фикрларимни бир жойга жамладим:

"Тилимизда ҳар хил атамалар борки, ёқимли, баъзан ачинарли. Улардан биттаси "Ногирон" деган атама. Аллоҳ ҳар бир одамни ҳар хил қилиб яратади. Баъзилар туғилишдан, баъзилар орттирма камчиликка эга бўлади. Буларнинг ҳаммаси синов. Синов деганимки, Аллоҳ одамга ҳайвондан фарқли ўлароқ ақл ва жуда катта ирода берган. Лекин, бу иродани ҳамма бир хилдай кучга киритолмайди. Ўша кучни одам ўзи беради иродага. Иродасизлиги унинг заифлиги.

Ҳамма ёғи соппа-соғ, ҳамма шароитлари бор ўқимайди, илм олмайди, танбал, дангаса - ана ўшаларни мажруҳ, ногирон дейиш керак! "

Шундай экан, жисмонан камчилиги бор кишини ногирон деб аташ тўғримикин? Ахир жисмоний камчилик "ногирон" дегани эмас-ку!

Мен кузатган педагог зиёлилар бу тушунчани тўғри ишлатмаса, ким тўғри тушунади. Ақлан соғлом, маънан етук кишини "ногирон" деб аташ нотўғри.

"Ногирон", "имконияти чекканган", "ногиронлиги бор..." каби атамаларни бир-биридан ажратишга кўп изланишлар ёки катта ақл керак эмасдир?!

Булар менинг шахсий фикрларим, холос. Бу фикрлар айнан ўзимда жисмоний камчилик борлигидан эмас... Сўз эркинлиги имкониятидан фойдаланиб, дилимдаги бир эътирозни сизларга айтиб, таскин топгим келди...

Бевосита мавзуга қайтадиган бўлсам, ЎзХДПнинг Сайловолди дастури, мақсад ва вазифалари билан танишганимда, орзуларимга эришиш ишончи янада мустаҳкамланди. Жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш, аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлари ЎзХДПга бўлган интилишимни янада оширди.

Жисмоний имкониятларим бошқаларникига нисбатан чекланган бўлишига қарамай, ҳаётда, тенгдошларим орасида, олийгоҳда ўз ўрнимни топишимда, ижтимоий фаол бўлишимда, ҳатто нотиқлик санъатини эгаллашимда Ўзбекистон Халқ демократик партияси катта ёрдам берди. Партиянинг “Истиқбол” ёшлар қаноти таркибида ташаббускорлик кўникмасини олдим. Иродам, ўзимга ишончим мустаҳкамланди.

 

Мен ЎзХДП энг фаол ёшларидан бириман, бундан фахрланаман!

Биринчи ўқув йилининг илк кунларидёқ фақатгина ўқиш, спорт ва ижодий фолият билан чегараланиб қолмаслигим, менга катта муваффақиятлар кераклигини англадим. Мавжуд сиёсий партиялар дастури хамда фаолияти билан танишганимда, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий ғоялари менга кўпроқ ёқди.

Партияга аъзо бўлишимдан олдин жамоат жойларида фикрларимни, ҳаттоки ўз сўзларимни ҳам баён эта олмасдим. Партия тадбирларида иштирок этиб, сўз бойлигимни оширдим, нутқ маданиятим ошди. Ҳозир бемалол катта давраларда, йиғилишларда сўзга чиқяпман.

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши фаоллари ижтимоий фаол бўлишимда яқиндан туриб кўмак беришди. “Истиқбол” ёшлар қаноти таркибида ташаббускорлик кўникмасини олдим. Иродам, ўзимга ишончим мустаҳкамланди.          Мен партияда фаоллигим билан электорат сифатида нафақат ўз манфаатларим, балки ўзимга ўхшаган имконияти чекланган инсонларнинг орзу-истаклари ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўргандим. Бунга мен устида ишлаётган ва амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳалар мисол бўла олади.

Ҳа, айтганча, жорий йилда ўтказиладиган сайловларда туман кенгашидан депутатликка ўз номзодимни қўйиш ниятида юрибман. Келажакда танлаган соҳам бўйича етук мутахассис бўлиб, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман.

ЎзХДП ёшлар партияси. Чинакам халқ партияси, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида қадриятларга монанд ижтимоийликни, кўмакдошлик фазилатини айнан Халқ демократик партияси кун тартибига қўймоқда. Шу муҳим дастурий фазилати билан партия бошқа партиялардан ажралиб туради. Партия теварагида маҳкамроқ бирлашайлик!

← Рўйхатга қайтиш