Халқимизнинг мустаҳкам иродаси синовлардан мардонавор ўтишнинг кафолатидир
Халқимизнинг мустаҳкам иродаси синовлардан мардонавор ўтишнинг кафолатидир

 

Коронавирус бутун дунёда энг аввало инсон соламатлиги ва ҳаётига хавф солмоқда. Айрим кишилар оила аъзолари, яқин биродарларини йўқотмоқда. Ушбу офат барча мамлакатларнинг ижтимоий барқарорлиги, иқтисодиёти, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигига жиддий зарар етказмоқда. Минг афсуски, бундай қийинчиликлар юртимизни ҳам четлаб ўтмаяпти.

Мазкур мураккаб вазиятда давлатимиз раҳбари барча масъулиятни ўз зиммаларига олган ҳолда, қисқа муддат ичида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш борасида бир қатор муҳим қарорларни қабул қилди.

Президентимиз биринчи навбатда халқимиз соғлиғини сақлаш уларни ижтимоий мухофазаси масаласига жиддий эътибор қаратди. Республика махсус комиссияси тузилди. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Қисқа муддатда махсус шифохона ва карантин зоналари қурилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.

Молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда бозорларда нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида бир қатор соҳаларга солиқ таътиллари берилди. Кредитларни қайтариш муддати кечиктирилди, қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Натижада, мамлакатимизда касалланишнинг шиддатли тарқалиши ва ошиб кетишининг олди олинди, вазиятни барқарорлаштириш мақсадида аҳолининг асосий озиқ-овқат, дори-дармон, антисептик ҳамда дезинфекциялаш маҳсулотлари савдоси ва нарх-навоси устидан назорат ўрнатилди.

Карантин даврида ҳамда пандемия сабабли вақтинча даромадларидан маҳрум бўлган, шунингдек ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга бепул озиқ-овқат, дори-дармон ва бирламчи маҳсулотлар билан таъминлаш тизими йўлга қўйилди.

Республикамизга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш борасида ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси бўйича аҳвол бошқа давлатлар билан таққослаганда аҳолининг сонига мутаносиб равишда зарарланишлар сони минимал кўрсаткичда турибди.

Хусусан, 100 минг кишига тўғри келадиган ҳолатлар сони бўйича Ўзбекистонда 35 кишини ташкил этади. Таққослаш учун, МДҲ давлатлари орасида Белорусияда – 681 киши, Россияда – 484 киши, Қозоғистонда – 291 киши, Қирғизистонда – 143 кишини ташкил этади.

Бугунги кунга қадар республиканинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги барча ўзгаришлар узлуксиз таҳлил қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Шу йилнинг март ойидан июль ойига қадар Республикада пандемиянинг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиётга таъсирини камайтиришга қаратилган давлат раҳбарининг 20 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Бу борада давлатимиз коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва даволаш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олди. Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш учун ажратилган маблағлар эвазига республика соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базаси таъминоти сезиларли даражада оширилди. Бундай йирик кўламли вазифалар “Инқирозга қарши курашиш” жамғармаси ташкил этилганлиги ва бошқа кўплаб кўрилган чора-тадбирлар туфайли амалга оширилди.

Жумладан, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлаш муддатини тухтатмасдан давом эттиришни ариза ҳамда бошқа ҳужжатлар талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга узайтирилди. 583 мингта кам таъминланган оилаларга молиявий ёрдам кўрсатилди.

Коронавирус пандемиясининг меҳнат бозорига, меҳнат муносабатлари ва аҳоли бандлигига салбий таъсирини юмшатиш, карантин чора-тадбирлари давомида вақтинчалик ишсиз қолган фуқаролар бандлигига кўмаклашиш бўйича қисқа муддатда “ўз-ўзини банд қилиш” механизмининг ҳуқуқий ва молиявий тизими яратилди. Бугунги кунда аҳолининг турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган қатламининг рўйхати асосида маҳаллалар паспортлари шакллантирилди. Турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган қатламга бевосита моддий ва номоддий ёрдам кўрсатилиши бўйича гуруҳларга ажратиш ҳамда уларга ёрдам кўрсатиш борасида зарур манбалар аниқланиб, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ушбу қатлам аъзоларини камбағалликдан чиқариш бўйича томорқа ер майдонларига енгил конструкцияли иссиқхона, томорқа ер экинлари экиш учун кўчатлар, томорқасини суғориш учун электор насослар билан беғараз таминлаш ишлари олиб борилмоқда. Қўшимча тарзда кам таъминланган аҳоли қатламига қора мол, қўй, эчки ва парранда етказиб берилди. Бунинг натижасида 51 минг нафар ишсиз фуқаро доимий, 106 минг фуқаронинг эса мавсумий иш ўринларида бандлиги таъминланди.

Маълумки, карантин даврида мамлакатимиз парламенти ўз ишини бир кун ҳам тўхтатмади. Карантиннинг дастлабки кунлариданоқ қисқа муддат ичида парламент томонидан мамлакатимиз учун ўта муҳим бўлган қонунлар қабул қилинди, депутатлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига ҳамда парламент назорати амалга оширилишини таъминлашга қаратилган муҳим ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилди.

Асосий ғояларидан бири ижтимоий бирдамликка эришиш бўлган Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва парламентдаги фракцияси, маҳаллий кенгашларидаги партия гуруҳлари ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларини ҳимоячиси сифатида фаолиятини амалий ишларга қаратди.

Жумладан, Президент ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш мақсадида партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлик гуруҳлари томонидан карантин даврида амалга оширадиган ишлари юзасидан йўл харита ишлаб чиқилди. Фракция аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия ташкилотлари фаоллари томонидан республика миқёсида “Саховат ва кўмак” хайрия акцияси ўтказилди.

Карантин қоидаларига риоя қилиш, ёрдам пулларининг манзиллилиги бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида партия ходимлари ва депутатларидан иборат “Партия кўнгиллилар жамоалари” ташкил этилди. Ушбу жамоага партия кенгашлари масъул ходимлари ва фаолларидан 700 нафари, маҳаллий Кенгашлар депутатларидан 1600 нафари жалб этилди. Кўнгиллилар гуруҳи томонидан бугунги кунгача 10 минга яқин маҳаллада тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 26 та йўналишда қонун ташаббусларини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, уларга вазифалар белгилаб берди. Бугунги кунга қадар фракция депутатларининг ташаббуси сифатида, “яшаш минимуми”, “истемол саватчаси” ва “камбағаллик даражаси” тушунчаларини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича “Яшаш минимуми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва концепцияси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Қонунчилик палатасининг йиғилишларида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 107 та қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатларидан келиб чиқиб 245 та таклиф ишлаб чиқилди ва масъул қўмиталарга тақдим этилди. Кўриб чиқилган қонун лойиҳалари бўйича фракциямиз томонидан билдирилган таклифларнинг 114 таси инобатга олинди. Мисол учун, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида фракциямиз аъзолари таклифларига асосан, ногиронларни биринчи навбатда уй-жой билан таъминлаш, меҳмонҳоналарда ногиронларга зарур шароитлар яратиш, ногиронларга сурдо таржимонлар хизматини ривожлантириш каби бир қатор муҳим нормалар киритилди.

Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалардан ҳамда партия Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, 12 маротаба долзарб муаммолар юзасидан 18 та вазирлик ва ташкилотларнинг ахборотлари танқидий эшитилди ва эшитув якунлари билан, муаммоларни бартараф этишга қаратилган тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти ҳолати, мавжуд муаммолар, шунингдек, ишга муҳтож шахсларни, айниқса банд бўлмаган ёшлар ва аёларни иқтисодиёт тармоқлари ва меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, касбга тайёрлаш ва ишга жойлаштириш масалалари партия ва унинг депутатларининг доимий эътиборида бўлди.

Бундан ташқари, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида секторлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолатини бевосита Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё вилоятларга чиққан ҳолда ўрганилди.

Ўрганишлар ва жойларга чиқиб аҳоли билан қилинган мулоқотлар натижаларидан келиб чиқиб, келгусида партиямиз ва депутатларимиз фаолиятларини қуйидаги йўналишларга қаратишни мухим вазифаларимиз деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, партиямиз ўзининг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, норасмий секторда ишлаб, ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган аҳоли гуруҳларини қўллаб-қувватлаш масалаларини кўтариб чиқмоқда.

Барчангизга маълумки, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонда ўзини-ўзи иш билан банд қилган аҳолини рўйхатга олишнинг янги тизими жорий қилинди. Бу билан иқтисодиётнинг норасмий секторида ишлаётган жисмоний шахсларга ҳуқуқий мақом берилиб, улардан солиқ олинмайди. Шунингдек, ўзини-ўзи иш билан банд қилган аҳоли учун пенсияларни ҳисоблаб бориш имкониятлари ҳам яратилди.

Партиямиз парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга оширган ҳолда, кам таъминланган оилалар аъзолари, жумладан, ишсизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлар, ёшлар ва аёлларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллигини ошириб, аҳолини ўзини-ўзи банд қилиши механизмларидан фойдаланишига амалий ёрдам кўрасатади.

Иккинчидан, пандемия шароитида ишсизликнинг олдини олиш, аҳоли бандлигини рағбатлантириш, иш ўринлари ва даромадларини сақлаб қолиш мақсадида жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташкил қилинаётган иш ўринларига ишсиз фуқароларни вақтинчалик иш билан таъминлаш, кам таъминланган оилаларнинг шахсий томорқа ерларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун субсидиялар беришни, депутатлик ва жамоатчилик назоратига олиш бўйича тегишли чораларни кўради.

Учинчидан, ёшлар, хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида оилалар даромадини ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим талабидир. Ушбу масалалар бевосита Халқ демократик партияси Сайловолди дастурига ҳамоҳанг бўлгани учун партиямиз хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича самарали парламент ва депутатлик назоратини йўлга қўйиш мақсадида бир қатор тегишли ташкилотлар билан бирга ҳамкорликда чора-тадбирлар режасини амалга оширмоқда.

Тўртинчидан, партиямиз депутатлари ва фаоллари “Саховат ва кўмак” хайрия тадбирларини давом эттириб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали, карантин сабаб даромад манбасидан ажралган, ишсиз, боқувчисини йўқотган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари етказилишида фаол иштирок этади. Бундан ташқари, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган бюджет маблағлари талон-тарож қилинмасдан ўз эгаларига манзилли етиб боришини жамоатчилик назорати остида амалга оширади.

Бешинчидан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, оммавий ахборот воситаларини жалб қилган ҳолда аҳоли ўртасида коронавируснинг тарқалишига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни тушунтириш, шунингдек, уни профилактика қилиш усуллари бўйича тавсия ва чақириқлар билан чиқиш ишларини давом эттиради.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш