Юрт равнақига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир
Юрт равнақига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир

 

Бугун Ўзбекистон ислоҳотлар маконига айланган. Ҳар куни янгилик, эзгу амаллар ҳақида эшитамиз. Ватанимиз мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юртимиз йилдан-йилга гуллаб-яшнади, тараққий этди. Сўнгги йилларда юз берган ўзгаришлар том маънода давлатимиз тарихида янги саҳифалар очди.

Бу жараёнда Қашқадарё ҳам улкан бунёдкорликлар оғушида гўзаллашиб бормоқда. Айниқса, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги ҳамда Ғузор ва бошқа туманлардаги янгиланишлар ҳар қандай инсоннинг ҳайратини оширади. Уч йил олдин бу ерда бўлган одам бугун шаҳар ва туманларни танимайди. Ҳудудларнинг қиёфаси тубдан ўзгартирилиб, меъморий обидалар миллий ва замонавий услубда таъмирланди. Янги-янги объектлар қуриб фойдаланишга топширилди.

Ана шу жараёнда бевосита иштирок этиш, хайрли ишларга озми-кўпми, ҳисса қўшиш кишига ўзгача фахр бағишлайди. Ана шу арзимас меҳнатларинг давлат раҳбари томонидан эътироф этилса, шу юртнинг оддий фуқароси сифатида кўнгилда ғурур-ифтихор туйғулари жўш уриб кетар экан.

Бундан 2 йил олдин Президентимиз томонидан Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ юртдошларимиз орасида борлигимни эшитиб кўзимга ёш келган эди. Қулоғим остида давлатимиз раҳбарининг “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган сўзлари чарх урди.

Дарҳақиқат, сидқидилдан меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Бунга яна бир карра амин бўлдим. Бизнинг камтарона хизматларимизни юқори баҳолаб шундай юксак мукофотга лойиқ кўришганининг ўзиёқ юртимизда инсон манфаатлари барча нарсадан устун эканини кўрсатди.

Очиғини айтсам, бизнинг тизимда шу вақтгача иш кўп эди, ташвиш кўп эди, аммо рағбат, имконият етишмасди. Айниқса, сўнгги йилларда маҳалла фаолиятида бўлган туб бурилишлар маҳалланинг нуфузини янада мустаҳкамлади. Маҳалланинг кучи ортди, ваколатлари кенгайтирилди, унга бўлган эътибор кучайди. Бу жараёнда биздан талаб қилинадиган фақатгина сидқидилдан меҳнат қилиш, холос.

Президент фармонига асосан “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали республика бюджетидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам пуллари ажратилди. “Темир дафтар”га киритилган кам таъминланган якка-ёлғиз боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронларга ҳар бирига бир марталик ёрдам пуллари ҳам берилди.

Ушбу моддий ёрдам маблағларини етказиб беришда сектор раҳбарлари, МФЙ ва ИИБ ходимлари билан бирга Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутат сифатида иштирок этдим. Жараёнда аҳолининг ўй-ташвишлари, орзу-истакларини ўргандик. Улар билан суҳбатлашдик, муаммолари ҳақида сўрадик.

Биламизки, яқинда Президентимизнинг яна бир муҳим қарори эълон қилинди. “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш улар меҳнат фаолиятини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ушбу қарор минг-минглаб оилаларнинг даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда бандликни таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир депутат қарор ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатиш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқиши керак, деб ўйлайман.

Айтиш керакки, қарор ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида амалий ишлар бошлаб юборилди. Эҳтиёжманд оилаларга субсидия асосида бепул иссиқхоналар қуриб берилмоқда ҳамда “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредитлар берилмоқда. Ҳозирда партия электорати вакилларини касбга ўқитиш ишлари бошлаб юборилди.

Бир сўз билан айтганда, яхши яшашимиз, ишлашимиз, орзу-ҳавасларимизни рўёбга чиқариш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Биз ҳам шунга муносиб бўлиб, мустақилликни мустаҳкамлаш, юртимизни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишимиз керак. Бу биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

 

Жаббор Раҳмонов,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Китоб туман бўлими раиси ўринбосари,

 халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати.

 
← Рўйхатга қайтиш