Мамлакатимиз мустақил давлат, деб эълон қилинганига ҳамда ўзбек миллатининг қадди тикланганига 29 йил тўлди. Бу мустақилликни қўлга киритиш осон бўлмади. Бунинг замирида асрларга татигулик меҳнат, кучли ақл-идрок ҳамда ўзбек ҳалқининг сабр-тоқатли кунлари мужассам.
Ўтган йиллар давомида Ватан қадри ортди, миллий қадриятларимиз, динимиз яна халққа қайтарилди. Айниқса сўнгги йиллар ичида эл-юрт фаровонлигини янада ошириш йўлида тўла маънода ислоҳотлар ўтказилиб, улкан бунёдкорлик ва кенг миқёсли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мамлакатимиз иқтисодий - ижтимоий юксалишига, халқимизнинг кўплаб хоҳиш-истакларини рўёбга чиқишига эришилди.
Мамлакатимиз миқёсида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Шаҳрисабз шаҳри ва туманида ҳам жуда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилди.
Президентимизнинг 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан Шаҳрисабз шаҳри фестиваллар шаҳри сифатида эътироф этилди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Шаҳрисабз шаҳрида йиллар давомида Амир Темур таваллуди куни, миллий қадриятларимизга мос бўлган “Кўпкари” миллий ўйинлари, фольклор гуруҳлар ва ҳунармандлар фестивали каби турли маданий-кўнгилочар тадбирлар мунтазам ўтказиб борилди. Шу орқали шаҳримизни фестиваллар шаҳрига айлантириш бўйича чоралар кўрилди. Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш режалаштирилди.
Ҳозир шаҳримиз улкан бунёдкорилк майдонига айланган. Кундан-кунга чиройига чирой, кўркига янада кўрк қўшилмоқда. Бундан бир неча йил олдин шаҳарга келган одам ҳозир борса, умуман танимаслиги аниқ.
Халқимизнинг узоғини яқин қилишда Тошкент-Шаҳрисабз тез юрар поездининг кириб келиши тарихий воқеа сифатида тарихга муҳрланди. Бу одамларимиз учун катта қулайлик бўлди. Ёшу-қари юзида ҳаётдан, турмушидан мамнунлик ҳисси барқ урмоқда. Айни дамда Тошкент-Шаҳрисабз ҳаво йўлларини ишга туширишда ҳам режалар ишлаб чиқилмоқда.
Эндиликда Шаҳрисабз ҳар йили 1-8 феврал кунлари туристик майдонга мезбонлик қилади. Унда соҳа мутаххассислари, туроператорлар, чет эллик экспертлар қатнашиб, республикамизда туристик салоҳиятини ошириш, тарғиб этишнинг долзарб масалалари муҳокама этилади.
Бунга ўхшаш ва бу каби амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг бир қанчасини мисол сифатида санаб адоғига етиш қийин. Бугун Шаҳрисабзликларнинг қалбида катта ифтихор, бугунги оғир пандемия шароитида ҳам ўтаётган ҳар бир кунидан миннатдорлик туйғуси бор.
Мен ҳам ана шу жаннатмакон юрт фарзанди эканлигимдан фахрдаман. Мана шу улуғ айём Мустақиллигимизнинг 29 ёши билан барча ютуқларимиз ижодкорларини, меҳнаткаш халқимизни чин қалбимдан табриклайман. Юртимиз мустақиллигига кўз тегмасин.
“Сен-қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!”
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.