Парламентнинг бир гуруҳ депутатлари нимадан хавотирда?
Парламентнинг бир гуруҳ депутатлари нимадан хавотирда?

 

Янги Ўзбекистонда учинчи ренессанс даври бошланмоқда. Унинг энг асосий хусусиятларидан бири инсон манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқлари олий қадрият сифатида қадрланиши ва қонун билан кафолатланишида, деб биламиз.

Шунинг учун ҳам мамлакатимизда аҳоли эҳтиёжларини тўлақонли таъминлаш, яшаш учун энг мақбул шароит яратиш йўлида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил январида қабул қилган “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу соҳада олиб бориладиган ишларни янада жадаллаштирилишига сабаб бўлди.

Фармондан мақсад қишлоқ туманларида яшовчи аҳоли турмуш даражасини шаҳар аҳолисиникига яқинлаштириш, маиший қулайликлар яратиш ва шу йўл билан аҳолининг ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва маърифий соҳаларда йиғилиб қолган муаммоларига ечим топишдан иборат. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан йўлдош шаҳарларга айлантирилувчи объектлар рўйхати ҳам шакллантирилган. Барча депутатлар давлат равнақи учун мўлжалланган бу ҳаракатни қўллаб-қувватлаймиз.

Шу кунларда project.gov.uz (ID-20250 IHL-611/20) сайтига келишиш учун жойлаштирилган Тошкент вилояти Тошкент тумани ҳудудида йўлдош шаҳарча ва саноат зонаси ташкил қилиниши ҳақидаги ҳужжат бизни ўйлантириб қўйди.

Сабаби, Тошкент тумани анча ривожланган, мева-сабзавотчилик яхши шаклланган, пойтахт аҳолисини ана шу маҳсулотлар билан таъминлаб келаётган асосий ҳудудлардан бири. Йўлдош шаҳарча учун мўлжалланган 210 гектар ер айни ҳосилдорлиги юқори ҳудуд бўлиб, унда ҳозирда 55 та фермер хўжалиги ва тадбиркорлар, Mehnat avto МЧЖ фаолият олиб бормоқда.

Ер кодексининг 44 ва 45-моддаларига кўра, суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Шунинг учун ҳам талабгорлар кўп бўлишига қарамай, Тошкент вилояти ва Тошкент тумани ҳокимликлари томонидан юқорида кўрсатилган ҳудудларни бошқа мақсадларда фойдаланиш учун инвестиция киритишга йўл қўйилмай келинмоқда.

Ташкил этилиши режалаштирилган йўлдош шаҳарчалар рўйхатида ҳам бу манзил кўрсатилмаган. Саноат зонаси учун ажратилаётган 140 гектар ер учун компенсация умуман ҳисобланмаган. Президентимизнинг ҳудудлараро анклавлар ҳосил қилишга йўл қўймаслик ҳақидаги кўрсатмаларида назарда тутилган муаммолар ҳам юзага келиши мумкин.

Ажратилаётган ҳудудларда ташкил этиладиган корхоналардан олинадиган фойда солиқлари шаҳар бюджетига қаратилиб, туманда ижтимоий соҳани ривожлантириш учун бирор сўм қўшимча маблағ олинмайди.

Тошкент туманининг пойтахтни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қўшаётган ҳиссасини инобатга олиб, йўлдош шаҳарчани туманнинг бошқа ҳудудидан ташкил қилиш ва саноат зонасини туман тасарруфида ташкил этиш, ташкил этилаётган йўлдош шаҳарча ва саноат зоналаридаги корхона ва фермер хўжаликларига қонунда кафолатланган компенсация тўловларини амалга оширишни таъминловчи меъёрий ҳужжат қабул қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

 

М.Варисова, Қ.Қосимова, А.Назиркулов, З.Шодиева, О. Тожиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари

www.kun.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш