ИЛМ-ФАНГА СУЯНМАЙ, ЗАМОНАВИЙ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАМАЙ, ТАРАҚҚИЁТГА ЭРИШИБ БЎЛМАЙДИ

Ботиржон СУЛАЙМОНОВ, Тошкент давлат аграр университети ректори, академик:

— Президентимиз қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилишда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга эга эканлиги, бозорларимиз тўкин, халқимиз ризқи мўл-кўл бўлишидан тортиб, экспортдан қўшимча даромад топишгача бўлган жуда кўп масалалар шу йўналиш билан бевосита боғлиқлигини таъкидлади.

Тўғри, Президентимиз айтганидек узоқ йиллар давомида аграр соҳага етарлича эътибор берилмади. На бозор иқтисодиёти, на ерга муносабат, на манфаатдорлик бор эди. Маблағ, илмий инновациялар жалб этилмади. Оқибатда ерлар чарчаб, унумдорлик пасайиб кетгани сир эмас.

Боиси, фермерларимиз алмашлаб экиш деганда, фақат пахта-ғаллани тушуниб, яъни бир йили ғаллани экса, иккинчи йили унинг ўрнига пахтани қайта-қайта экаверди. Оқибатда ер шу аҳволга келиб қолди. Орада сабзавот маҳсулотларини ҳам экиш лозимлигини эсдан чиқариб қўйишди. Бундан ташқари, илмий асосланган агротехника тадбирларини ҳамда илмий асосланган ўғитларни ўз вақтида бермаслик оқибатида ҳосилдорлик кўзланганидек бўлмай қолди. Халқ тилида айтганда, «ерни жони суғуриб олинди». Қишлоқ хўжалиги ривожланган хорижий давлатларда ерга муносабат умуман бошқача. Улар ерга биогомус ва микроўғитларни ўз вақтида, ҳаттоки минутма-минут ҳисобини олган ҳолда беришади. Шу боисдан улар ўзлари режалаштирган ҳосилни олади. Бизда-чи, фермерларимиз бу қоидаларга эътибор қаратиш олтин қоида эканлигини ёддан чиқариб қўйишди, назаримда.

Бир сўз билан айтганда, фермерларимиз ерга бўлган муносабатни бутунлай ўзгартиришлари лозим. Ерга меҳр беришни ўрганишимиз керак. Шундагина кўзланган ҳосилдорликни олишга эришилади. Бугунги кунда 77 минг фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлса, уларнинг ҳаммаси ҳам олий маълумотга эга эмас, Яъни, уларнинг 30 фоизи олий маълумотли бўлса, шундан 20 фоизи айнан қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисидир. Уларнинг ердан оладиган ҳосилдорлиги бошқаларга нисбатан кўпроқ.

Мен нима демоқчиман, қилинаётган илмий кашфиётларни фермерлар амалда қўллашлари лозим. Мисол учун ер унумдорлигини ошириш бўйича 20 дан ортиқ докторлик иши қилинди. Бу ишлар ўзининг ижобий натижасини кўрсатиши учун амалиётда қўлланилиши керак. Аммо фермерларимиз бу янгиликлар билан умуман қизиқишмайди. Шу боис кейинги йиллардан бошлаб ҳар бир туманда ахборот-маслаҳат марказлари ташкил этиш таклифини илгари сурмоқдамиз. Олимларимиз томонидан қилинган янги кашфиётларни ушбу марказлар орқали фермер хўжаликларига етказишни мақсад қилмоқдамиз. Ҳар бир қилинган илмий изланишлар ернинг унумдорлигини ошириб, ҳосилдорликни кўтаришга хизмат қилиши лозим.

Мухтасар қилиб айтганда, фермерларимизнинг ерга бўлган муносабатини янги босқичга кўтариш учун қишлоқ хўжалиги соҳасига илм-фанни кенг миқёсида татбиқ этиш керак. Университетимизда сўнгги икки йил ичида 20 йўналишда янги кадрлар тайёрланмоқда. Бундай янги йўналишлар йилдан-йилга кўпайиб бораверади. Чунки қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожи ҳам айнан илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишга боғлиқ.

← Рўйхатга қайтиш