Иқтисодиёт юксалиши учун муҳим қадам
Иқтисодиёт юксалиши учун муҳим қадам

 

2020 йил 15 ноябрь куни Ғозғон шаҳрида “Мармаробод” МЧЖ заводининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ғозғон аҳолиси учун яна бир унитилмас кун бўлди, десам адашмайман.

Табиий тошларни қазиб олиб, уларни қайта ишлашга мўлжалланган ушбу заводда 11000 квадрат метр бўлган асосий бино ва яна 10 кичик лойиҳа бинолари ўз фаолиятини бошлади. Ўзмиллийбанкнинг 4 миллион долларлик имтиёзли маблағлари ҳисобига Хитой давлатидан йиллик қуввати 70 минг куб тош қазиб олиш ва 1,2 миллион метр квадрат тошни қайта ишлашга мўлжалланган, энг замонавий, сўнгги русумдаги ускуналар олиб келинди. Бунинг афзаллиги, у станокларни зўриқтирмайди, тошга босқичма-босқич ишлов беради. Мазкур жараён тайёрланаётган маҳсулотда кутилмаган дарз кетиш ҳолатларининг ҳам олдини олади.

Айни кунларда жамиятга тегишли 2 та карьера – Пашшот, Парғатда янги ускуналарда гранит тошларни замонавий усулларда қазиш ишлари олиб борилмоқда. Шу пайтгача 15000 куб метр табиий тошлар қазиб олинди. Карьерлар тўлиқ ишга тушиши билан йилига 72000 куб тош қазиб олиш режалаштирилган. Хитойдан жалб қилинган 4 нафар малакали инженер-мутахассислар маҳаллий ёшларга ускуналарнинг ишлаб тартибини ўргатмоқда.

Ўзмиллийбанкнинг барча вилоят бўлимларида “Табиий тошларни сотиш офислари” ташкил қилиниб, тошларни сотиб олиш бўйича банкнинг янги кредит маҳсулотлари ва механизмлари ишлаб чиқилаётир. Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Мармаробод” МЧЖнинг кўргазма заллари очилди.

Хулоса ўрнида шу айтиш жоизки, амалга оширилган мазкур инновацион лойиҳалар асосида замонавий технологияларда тайёрланган маҳсулотлар жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлаб, Ғозғон довруғини дунёга танитади. Янгидан-янги лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Албатта, кенг кўламли ислоҳотларга биз депутатлар ҳам фаол иштирок этиб, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, даромадини кўпайтиришга муносиб ҳисса қўшишимиз керак. Ҳудудимизда иш ўрни яратиш имкониятлари жуда кўп. Лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириб, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш тармоқларини кўпайтиришга ҳисса қўшсак, бу қатор ижтимоий масалаларни ечишга хизмат қилади.

 

Отабек Олимов,

ХДП Ғозғон шаҳар кенгаши депутати.

 

Теглар

mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш